Ўзбекистон | 13:33 / 22.01.2020
7642
4 дақиқада ўқилади

Давлат томонидан тадбиркорликни қўллаб-қувватлашнинг тартиби ва шакллари белгиланди

Фото: Shutterstock

Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси тўғрисида низом тасдиқланди.
 
Norma’нинг ёзишича, Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳузуридаги Кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги таркибига ўтказилган. У ҳуқуқлар, мажбуриятлар ва шартномалар бўйича Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармасининг ҳуқуқий вориси ҳисобланади.
 
Жамғарма - давлат муассасаси шаклидаги юридик шахс, Агентлик ва президентнинг 17.08.2017 йилдаги ПҚ-3225-сон қарори билан ташкил этилган Жамғармани бошқариш бўйича кенгашга ҳисобот беради.
 
Қуйидаги шаклларда молиявий ёрдам кўрсатиш Жамғарманинг асосий вазифалари ҳисобланади:

а) аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларининг тадбиркорлик ташаббусларини амалга ошириш учун кредит миқдорининг 50 фоизигача (50 фоизи ҳам шу жумлага киради), бироқ БҲМнинг 100 бараваридан ортиқ бўлмаган тижорат банклари кредитлари бўйича кафиллик бериш;

б) тижорат банкларининг кредитлари бўйича кредит суммасининг 50 фоизигача (50 фоизи ҳам шу жумлага киради) миқдорда кафиллик бериш, бироқ 8 млрд сўмдан ортиқ эмас;

в) тижорат банкларининг кредитлари бўйича фоизли харажатларни қоплаш учун компенсация бериш, шу жумладан:

суммаси 10 млрд сўмдан ортиқ бўлмаган МБнинг қайта молиялаштириш ставкасининг 1,5 бараваридан ошмайдиган фоизли ставка билан қайта молиялаштириш ставкасидан ортиқ бўлган, бироқ 5 фоизли пунктдан ортиқ бўлмаган қисми бўйича миллий валютада;

чекка ва тоғли туманларда, шунингдек, “Обод қишлоқ” дастури доирасида амалга ошириладиган суммаси 10 млрд сўмдан ортиқ бўлмаган лойиҳалар учун - 8 фоизли пункт миқдорида қайта молиялаштириш ставкасининг 1,5 баравари миқдоридан ортиқ бўлмаган фоизли ставка билан миллий валютада;

суммаси 10 млрд сўмга тенг миқдордан ошмайдиган хорижий валютада - тижорат банклари томонидан белгиланган фоизли ставканинг 30 фоизигача миқдорда, бироқ 3 фоизли пунктдан ортиқ эмас;

хорижий валютада - иссиқхоналар қуриш, интенсив боғлар яратиш ва совиткичлар қуриш учун 2017 йил 5 сентябргача халқаро молия институтларининг кредит линиялари ҳисобига хўжалик юритувчи субъектларга ажратилган валюта кредитлари бўйича - белгиланган фоизли ставканинг 50 фоизи миқдорида.
 
Низомда жамғарма кафиллиги берилишини кўриб чиқишнинг шартлари ва тартиботи, компенсацияни бериш, тўхтатиб туриш, тўхтатиш ва қайта тиклаш тартиби, шунингдек берилган кафиллик бўйича мажбуриятларнинг Жамғарма томонидан ижро этилиши тартиби белгиланган.
 
Таркиби президент томонидан тасдиқланадиган Жамғармани бошқариш бўйича кенгаш – Жамғармани бошқаришнинг олий органи. Тузилмаси давлат раҳбари томонидан тасдиқланадиган Ижро этувчи дирекция Жамғарманинг ижро этувчи органи ҳисобланади.
 
Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан лавозимига тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган ижрочи директор Ижро этувчи дирекциянинг раҳбари ҳисобланади. У бир пайтнинг ўзида Агентлик директорининг ўринбосари ҳисобланади. Ижрочи директор Агентлик директори билан келишган ҳолда малакали, шу жумладан, хорижлик мутахассисларни уларнинг хизмат ҳақини Жамғарманинг ўз маблағлари ҳисобига тўлаган ҳолда жалб қилишга ҳақли.
 
Унинг ўринбосарларини лавозимига тайинлаш ва лавозимдан озод қилиш Ижрочи директорнинг тақдимномаси бўйича Иқтисодиёт ва саноат вазири билан келишган ҳолда Агентлик директори томонидан амалга оширилади. Жамғарма таркибий тузилмаларининг раҳбарларини лавозимига тайинлаш ва лавозимидан озод қилиш Агентлик билан келишган ҳолда ижрочи директор томонидан амалга оширилади.
 
Жамғармани бошқариш бўйича кенгаш Ижро этувчи дирекциянинг харажатлар сметаси ва штатлар жадвалини тасдиқлайди. Шунингдек, унга Жамғарма маблағларидан тўғри ва самарали фойдаланиш юзасидан жавобгарлик юкланади. Ижро этувчи дирекциянинг ходимларига давлат бошқаруви органлари ходимлари учун Иқтисодиёт ва саноат вазирлигининг марказий аппарати ходимларига белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш ва рағбатлантириш шартлари жорий этилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид