Ўзбекистон | 14:35 / 23.01.2020
14337
2 дақиқада ўқилади

«Божхоначи ҳам математик, ҳам физик, ҳам кимёгар, ҳам психолог бўлиши керак» – Давлат божхона қўмитаси раиси

22 январь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида бўлиб ўтган мажлисда Вазирлар Маҳкамаси аъзолигига номзодлар кўриб чиқилди ва маъқулланди. 

Мажлисда Давлат божхона қўмитаси раиси лавозимига тавсия этилган Муроджон Азимовга депутат Расул Кушербаев пиротехника воситаларининг божхонадан киришига алоҳида эътибор қаратилиши, назорат кучайтирилиши ҳақида таклиф берди.

«Тўғри айтдингиз, бу мавзу юзасидан янги йил олдидан жуда кўп эътирозлар билдирилди. Бу ерда мен ўзимни ёки тизимни оқламоқчи эмасман. Лекин жуда кўп миқдорда пиротехника воситалари ушлаб қолинган. Улар бевосита божхона назорат пунктидан ўтмаган, лекин бошқа йўллардан ўтиб келаётгани аниқланган. Келгусида такрорланмаслиги бўйича чегара қўшинлари билан биргаликда қаттиқ чорасини кўрамиз», - деган у бунга жавобан.

Давлат божхона қўмитаси раиси божхонанинг келажагини ахборот технологияларисиз тасаввур қилишнинг имконияти йўқлигини таъкидлади.

«Контрабандага қарши кескин кураш олиб борганимизда ўтган йили 200 миллиардга яқин контрабанда товарлари ушланди.  

Одамларнинг сонига қарайдиган бўлсак ҳам 2016 йилда божхона-чегара постларида 14 миллион одам ҳаракатланган бўлса, 2019 йилда 42 миллион 600 минг одам ҳаракатланди. Штат ўша штат. Лекин фақат ахборот технологияларини ривожлантириб, уларни назорат қила оламиз. 

Ўзбекистонда ривожланиш бўлаётгани, товар айланмаси кундан кунга ортаётгани сабабли 2,5 миллондан ортиқ автотранспорт воситалари чегара-божхона постларимизда ҳаракатланди. Албатта бу ҳар битта божхоначидан фақат чегарада туришни эмас, ҳам математик, ҳам физик, ҳам кимёгар, ҳам психолог бўлишни талаб қилади», дея қўшимча қилди Муроджон Азимов.

Унинг сўзларига кўра, 2020-2021 йилларда божхона маъмурчилигини такомиллаштириш бўйича 136 банддан иборат чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган.

Мавзуга оид