Ўзбекистон | 15:23 / 23.01.2020
16939
4 дақиқада ўқилади

«Снос»лар бўйича қаттиқ нормалар белгиланган». Қўмита раиси Тошкент шаҳри бош режаси кечикаётганига изоҳ берди

Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри бўйича давлат қўмитаси раиси Абдушукур Абдуллаев 23 январь куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида бўлиб ўтган матбуот анжуманида Тошкент шаҳрининг бош режасини қабул қилиш нега чўзилиб кетганига изоҳ берди.

«Тошкент шаҳрининг бош режаси ҳозир тубдан қайта кўриб чиқиляпти. Бош режани ишлаб чиқиш жараёнида биз иштирок этмаяпмиз. Бу иш билан асосан Қурилиш вазирлиги шуғулланмоқда. Пойтахтнинг бош режасини ишлаб чиқиш учун Буюк Британия ва бошқа мамлакатларнинг экспертлари, айни шу йўналишда ишловчи компаниялар ҳам жалб этилган. Жараён чўзилаётгани рост. Лекин бунинг ўзига яраша сабаблари бор.

Хабарингиз бор, «снос»лар бўйича жуда қаттиқ нормалар белгиланди. «Снос» деган тушунча ўзбек тилида йўқ эди, бизгаям кириб келди. Давлат раҳбари бирор жойни бузишдан олдин етти ўлчаб, керак бўлса етмиш ўлчаб бир кесишни, эртанги кунни ўйлаб бу ишни қилиш кераклигини кўп таъкидлайди.

Йўллар қуриб, бир ой ўтгандан кейин қайсидир хато ё камчилик учун бузиб юборилишига энди йўл қўйиб бўлмайди. Эртага нимадир қуриладиган бўлса, бу бугун барпо этилаётган иморатларни бузиб ташлаш ҳисобига бўлмасин, олдиндан режалаштириб қилинсин», дейди Абдушукур Абдуллаев.

Тадбирда йилдан-йилга қурилиш конструкциялари ҳам ўзгараётгани, илгари иморатларни 4-5 ёки 7-9 қават қилиб қуриш урф бўлган бўлса, ҳозир талаб бошқача бўлаётгани таъкидланди.

«Урбанизация талабларидан келиб чиқиб, бундан буён шаҳарлар фақат ён-атрофдаги ҳудудлар ҳисобига кенгаймайди, балки кўп қаватли биноларни қуриш ҳисобига шаҳар ҳудуди юқорига қараб ўсади. Тошкент шаҳридан салгина четга чиқилса, ҳаммаси экин майдони. Экин майдонлари ҳозир президент назоратида. Бошқача айтганда, экин майдонида иморат қуриш, ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш каби ишларга фақат президент қарори билангина рухсат берилиши мумкин.

Шунинг учун ҳам ҳозир пухта ўйлаб, келгусидаги режалардан ва коммуникацияларни бир-бирига улаш нуқтайи назаридан келиб чиққан ҳолда бугун қуриб, яна 5-10 йилдан кейин бузадиган бўлмасин деган мақсадда қаттиқ иш олиб бориляпти. Буни тўғри тушуниш керак. Бугун қуриб, 5-6 йилдан кейин пухта ўйланмаган қайсидир ҳолат туфайли қурилган жойларнинг буздирилиши ҳозирги кун талабига тўғри келмайди», дея Абдушукур Абдуллаевнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Эслатиб ўтамиз, Тошкент шаҳар бош режасининг концепцияси жорий йилнинг апрель ойида тақдим қилиниши бўйича ҳам маълумотлар берилган, кейинчалик бу муддат яна узайтирилганди.

Қурилиш вазири ўринбосари Шуҳратхўжа Ҳошимов 2019 йилнинг июнида Бош режа концепциясининг кечикаётгани Тошкент шаҳар ҳокимлигининг муаммоси эканини айтган, шу билан бирга бу иш жиддийлиги ва узоқ вақт талаб қилишини таъкидлаган ҳолда, турк ва инглиз компаниялари билан ҳамкорликда тайёрланаётган пойтахт бош режа концепцияси яқин 1,5-2 ой ичида тайёр бўлишини айтган эди.

Бироз аввалроқ Тошкентдаги саноат корхоналари кичик ҳалқа йўлидан ташқарига кўчирилиши маълум қилинганди.

Мавзуга оид