Ўзбекистон | 13:20 / 25.01.2020
5591
2 дақиқада ўқилади

ЕХҲТ МДҲда ўтказилган сайловлар ичида энг юқори баҳони Ўзбекистондаги сайловларга берди – Акмал Саидов

Халқаро пресс клубнинг Ўзбекистон Республикаси президентининг Олий Мажлисга йўллаган мурожаатномасига бағишланган сессиясида Қонунчилик Палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов сўзга чиқиб, Президентнинг Парламентга йўллаган мурожаати ва яқинда бўлиб ўтган сайловлар ҳақида тўхталиб ўтди. 

«Давлат раҳбари кечаги мурожаатда сайлов масаласига ҳам алоҳида тўхталиб, бу жараёнда жаҳон ҳамжамиятининг бевосита давлатга баҳо берганини ҳам таъкидлади. 

Мен ҳам халқаро ҳамжамиятнинг хулосаларини бевосита кузатиб, таҳлил қилдим. ЕХҲТнинг демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бюроси 25 йил ичида 400дан ортиқ Президент ва маҳаллий кенгашларга алоқадор сайловларда кузатувлар олиб борган.

Бу ташкилот 8 марта сайлов жараёнларимизни кузатган. Лекин мазкур ташкилот МДҲ давлатларида ўтказилган сайловлар ичида энг юқори баҳони яқиндагина мамлакатимизда бўлиб ўтган Парламент сайловларига нисбатан берди», - дея қайд этди Акмал Саидов.

Унинг айтишича, Ўзбекистон сайловларидаги яна бир янгилик – Парламентдаги аёлларнинг сони билан боғлиқ. БМТ аъзо давлатларга Парламент таркибининг 30 фоизи аёллар бўлиши кераклиги тўғрисида тавсия бериб боради. 

Ўзбекистон парламентининг қуйи палатасига эса 48 нафар аёл депутатнинг сайланиши ва бу рақамнинг умумий миқдорда 32 фоизни ташкил этиши ҳам ижобий ҳодиса. 

«Ўзбекистон 2014 йилда Парламентнинг 16 фоизи аёллардан иборат эканлиги билан 139-ўриндан яқинда ўтказилган сайловдан сўнг 29-ўринга кўтарилди. 

Бундан ташқари, 30 ёшгача бўлган 9 нафар депутат сайланди ва улар умумий аъзоларнинг 6 фоизини ташкил этди. Жаҳон парламентаризмида ҳам ёш депутатлар сони ўртача 2 фоизни ташкил этишини ҳисобга олсак, бу натижа ҳам ижобий ҳодиса», - дея баҳолади Акмал Саидов.

Унинг қўшимча қилишича, сўнгги 3 йилда Ўзбекистон раҳбарининг Парламент вакиллари билан 11 марта учрашишини ҳам яхши стимул сифатида кўриш мумкин.

Мавзуга оид