4 сотих ер 2 миллионга ҳам, 120 миллионга ҳам сотилиши мумкин – «E-ijro auksion»
Ўтган 2019 йилда «E-ijro auksion» орқали тадбиркорлик фаолияти учун 5,4 мингдан ортиқ, якка тартибда уй-жой қуриш учун 500дан ортиқ ер участкалари сотилган.
Бу ҳақда Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳузуридаги Электрон онлайн-аукционларни ташкил этиш марказида ўтказилган пресс-турда маълумот берилди.
Марказ директори Муҳиддин Хўжаевнинг таъкидлашича, олдин ер сотиб олиш жуда мураккаб жараён саналган. Инсон омили таъсири туфайли уй-жой ёки тадбиркорлик учун ер сотиб олиш қийин босқичлардан иборат бўлган.
Ҳозир эса инсон омили аралашувисиз, ер сотиб олиш учун талабгорлар онлайн тарзда марказда рўйхатдан ўтади ва унга аукционда қатнашиш учун рақам берилади.
«Қатнашувчиларнинг аноним рақам берилиши билан унга бошқа иштирокчилар томонидан турли босимлар бўлмаслиги таъминланади. Жараён шаффоф бўлишига ёрдам беради», – дейди Муҳиддин Хўжаев.
Унинг айтишича, бошланғич нарх белгилангани билан мулкнинг кейинги тақдирини бозор белгилайди.
«Масалан, 4 сотих ер участкаси учун 1 миллион 203 сўм бошланғич нарх сифатида белгиланган бўлса, баъзи ҳолатларда бу мулк 2 миллионга, баъзи ҳолатларда эса 120 миллионга сотилиши мумкин. Бу мулкнинг қаерда жойлашгани, электр, газ таъминоти каби турли омиллар билан боғлиқ бўлади», – дея тушунтирди марказ директори.
Таъкидланишича, мулкни сотиб олган жисмоний ёки юридик шахс 5 кун ичида маблағни тўлаб, эгалик ҳуқуқини берувчи баённомага эга бўлади. Давлат активларини сотиб олган тақдирда 3 йилгача бўлган муддатда тўловни амалга ошириши мумкин.
Шунингдек, пресс-турда очиқланган маълумотларга кўра, январь ойининг ҳозирги санасига қадар 90 миллиард сўмга яқин мол-мулк онлайн-аукцион орқали сотилган. Унинг 30 миллиард сўмдан кўпроқ қисми мулк эгасининг ўзи томонидан таклиф асосида савдога қўйилган.
«Мана шу рақамларнинг ўзиёқ одамларнинг рақамли бозорга ўрганишаётганларидан далолат беради», – дея қўшимча қилди Муҳиддин Хўжаев.
Мавзуга оид
13:02 / 09.02.2022
Самарқандда икки шахс тадбиркордан онлайн-аукциондан чиқиб кетиш эвазига пул талаб қилишди
21:48 / 06.01.2021
Самарқанд вилоятига тегишли яна бир авторақам онлайн аукционда 250 миллион 875 минг сўмга сотилди
15:51 / 04.01.2021
Самарқанд вилоятига тегишли авторақам онлайн аукционда қарийб 600 миллион сўмга сотилди
15:40 / 20.09.2019