Жамият | 15:40 / 20.09.2019
5663
3 дақиқада ўқилади

Мақолага муносабат: Биноларни онлайн-аукцион савдосига чиқариш тартибига риоя қилинмаган — Самарқанд вилояти «Агросервис МТП»

Сайтимизда «Иштихон машина-трактор паркини онлайн аукционда ютиб олган ғолиб у ерга кира олмасдан сарсон бўлмоқда» сарлавҳаси остида журналист Ш.Шокиржоновнинг журналистик суриштирув мақоласи эълон қилинган эди.

Ушбу мақолага Самарқанд вилоят «Агросервис МТП» МЧЖ директори вазифасини бажарувчи Олим Бойсариев имзоси билан муносабат юборилди.

«Kun.uz таҳририяти томонидан 2019 йил 20 август куни 0097993 лот билан «Электрон онлайн аукционларни ташкил этиш маркази» Давлат унитар корхонаси томонидан савдога чиқарилган «Иштихон Агросервис МТП ва ИСМ» МЧЖ га тегишли Иштихон шаҳри, Иштихон кўчаси, 84-уй манзилида жойлашган қурилиш ости майдони 8421.4 кв.м фойдали майдони 7950.69 кв.м бўлган бино иншоотларни фуқаро Қодиров Санъат 1 млрд. 539 млн. 328 минг сўмга харид қилган бўлса-да, «Иштихон Агросервис МТП ва ИСМ» МЧЖга тегишли ҳудудга кира олмаётгани ҳақида мақола эълон қилинган.

Ҳақиқатдан ҳам, АТБ «Туронбанк» Самарқанд филиали томонидан Самарқанд шаҳар иқтисодий судига киритилган даъво аризаси 2018 йил 27 сентябрь куни кўриб чиқилиб, ундирув «Иштихон Агросервис МТП ва ИСМ» МЧЖга бино-иншоотларга қаратиш ҳақида ҳал қилувчи қарори чиқарилгани сабабли, ушбу бино-иншоотлар онлайн-аукцион савдосига чиқарилиб, С.Қодиров томонидан сотиб олинган.

Бироқ суд томонидан ундирувни мазкур бино-иншоотларга қаратиш юзасидан чиқарилган ҳал қилув қароридан норози бўлганимиз сабабли «Самарқанд вилояти Агросервис МТП» МЧЖ томонидан 2019 йил 30 август куни Самарқанд вилоят иқтисодий судига кассация шикояти киритилган ва шикоят кўриб чиқиш учун қабул қилинган.

Ушбу кассация шикоятининг киритилиши — С.Қодировнинг бино-иншоотларни сотиб олганига қаршилик кўрсатиш учун эмас, балки бино-иншоотларни онлайн-аукцион савдосига чиқариш тартибига риоя қилинмагани ва суд томонидан ушбу ҳолатга холисона ҳуқуқий баҳо берилмасдан ҳал қилув қарори қабул қилинганига эътироз сифатида амалга оширилган», — дейилади Самарқанд вилояти «Агросервис МТП» МЧЖ директори в.б. О.Бойсариевнинг хатида.

Мавзуга оид