14:30 / 27.01.2020
3
16582

Тошкентни водий вилоятлари билан боғловчи пуллик йўлни қуриш ишларини 2026 йилгача якунлаш режалаштирилмоқда

«Тошкент-Андижон» пуллик автомобиль йўлини қуриш лойиҳаси учун PWC ва Arup консультация хизматларини кўрсатувчи компаниялари томонидан дастлабки техник иқтисодий ҳисоб-китоб ҳужжатлари тайёрланмоқда. Бу ҳақда Давлат-хусусий шериклик ривожлантириш агентлиги хабар бермоқда.

«Ўзбекистон яна бир пуллик йўллар қуриш лойиҳасини амалга ошириши мумкин. «Тошкент — Андижон» пуллик автомобиль йўлини қуриш лойиҳасини айни кунда консультация хизматларини кўрсатувчи компаниялар (Pwc, Arup) томонидан дастлабки техник иқтисодий ҳисоб-китоб ҳужжатлари тайёрланмоқда. Ушбу компаниялар жорий йилнинг февраль ойи охирига қадар ҳужжатларни тақдим этади.

Дастлабки маълумотларга кўра, лойиҳа узунлиги 350-360 километр атрофида бўлади. Асосан 4 йўлакдан иборат бўладиган йўл қуриш лойиҳаси республика миқёсида юқори иқтисодий-ижтимоий таъсирга эга. Ушбу лойиҳани 3 босқичда (1. Қамчиқ автомобиль тоннели, 2. Тошкент–Ангрен йўли, 3. Қўқон–Андижон йўли) амалга ошириш режалаштирилмоқда.

Лойиҳанинг дастлабки молиявий ва техник ҳисоб-китоблари тақдим этилгандан сўнг, Жаҳон банки билан лойиҳани амалга ошириш бўйича битим имзоланиши кўзда тутилган.

Бундан ташқари, халқаро стандартлардан келиб чиқиб, йўл қопламаси цемент ёки бетон бўлиши, транспорт оқими ва йўл атрофида жойлашган объектларга таъсири ва бошқа муҳим техник-иқтисодий ва тижорий масалалар техник-иқтисодий ҳисоб-китоблар жараёнида (2020 йил октябрь ойига қадар) аниқланиши лозим.

Лойиҳани амалга ошириш мақсадга мувофиқ деб топилганда, тендер ҳужжатлари тайёрланиб (2021 апрель ойига қадар), тендер босқичлари амалга оширилиши (2022 йил апрель ойига қадар) ҳамда тендер ғолиби билан 2022 йил апрель ойида давлат-хусусий шериклик асосида битим имзоланиши кутилмоқда.

Қурилиш ишлари 2025-2026 йилгача давом этади», дейилади хабарда.

Шунингдек, Сирдарё ва Бахт шаҳарларини айланиб ўтувчи пуллик автомобиль йўлини қуриш лойиҳаси бўйича ЕТТБ билан дастлабки музокаралар олиб борилмоқда. Лойиҳани амалга ошириш мақсадида ЕТТБ билан  консультацион хизматлар кўрсатиш бўйича шартнома имзоланиши келишиб олинган. Ҳозирда ЕТТБ томонидан шартнома лойиҳаси тайёрланмоқда. Лойиҳа узунлиги тахминан 19 километрни ташкил этади. Ушбу лойиҳа «Тошкент–Самарқанд» пуллик автомобиль қуриш лойиҳаси доирасида амалга оширилиши ёки алоҳида лойиҳа бўлса мақсадга мувофиқлиги атрофлича ўрганилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йил 9 декабрда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг қарори билан давлат хусусий шерикчилик шартлари асосида пулли автомобиль йўлларини ташкил этиш лойиҳаларини амалга ошириш бўйича «йўл харитаси» тасдиқланганди.

Ҳужжатга мувофиқ, Қамчиқ (Тошкент ва Наманган вилоятлари) ва Тахтиқорача (Қашқадарё) довонларида иккита янги пулли тоннел ҳамда учта пулли автойўл — Сирдарё ва Бахт шаҳарларини (Сирдарё вилояти) айланиб ўтиш учун йўл, шунингдек «Тошкент-Самарқанд» ва «Тошкент-Андижон» йўлларини қуриш режалаштирилган.

Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги 2019 йилнинг ёзида келгуси режалар ҳақида маълум қилиб, пулли йўллар лойиҳасига тўхталиб ўтганди.

«Тошкент-Андижон йўналишида пулли йўл қуриш лойиҳаси Жаҳон банки гранти асосида ўрганиляпти. Айни пайтда бирламчи изланишлар кетмоқда, йил якунига бориб якуний хулоса ҳукуматга тақдим этилади. Пулли йўллар қурилган тақдирда ҳам бепул йўллар қолади ва уларни сақлаб туриш, таъмирлаш ишлари сусайтирилмайди.

Пулли йўллар эса ҳудудлараро иқтисодни ривожлантиришга хизмат қилиш орқали давлатга фойда келтирса, йўловчилар ва ҳайдовчиларга вақтни, ёқилғини тежаш имкониятини беради. Бу йўлларда тўлов тизими ҳақида гапиришга ҳали эрта», деганди агентлик директори Ғолиб Холжигитов.

2019 йилнинг октябрида Транспорт вазирлиги «Тошкент-Андижон» пулли йўли бўйича Жаҳон банки томонидан грант ажратилгани, бу масалада «Pricewaterhouse Coopers» хорижий компанияси лойиҳавий ўрганиш ишларини амалга ошираётгани тўғрисида маълумот берганди.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top