Жаҳон | 21:28 / 29.01.2020
16980
2 дақиқада ўқилади

Эрдўған Россиянинг Идлибдаги ҳаракатларига норозилик билдирди

Фото: Reuters

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг таъкидлашича, Россия Сурия бўйича Сочи ва Остонадаги учрашувлар билан мустаҳкамланган келишувларни бажармаяпти. Бу ҳақда CNN Turk телеканали хабар берди.

Эрдўғаннинг айтишича, Туркия Суриянинг Идлиб вилоятига ҳужумлар давом этаётгани сабабли сабр-тоқати тугамоқда ва жавоб чоралари қўллашга тайёр. “Биз охирги дамгача сабр қилдик, бироқ ҳозир чоралар кўрмоқчимиз”, деб айтган Туркия президенти. Унинг таъкидлашича, бу “дўқ-пўписа” эмас ва Анқара Москвадан “Сурия президенти Башар Асад тузумига ушбу огоҳлантириш”ни етказиб қўйишини кутиб қолади.  

“Биз мазлум, жабрдийда одамларни қутқаришга ҳаракат қилмоқдамиз. Руслар эса “Биз террорчилар билан курашмоқдамиз”, деб айтмоқда. Ким террорчи? Ўз ерини ҳимоя қилаётган сурияликларми?”, деб қўшимча қилган Эрдўған. 

Россия ва Туркия президентлари 2018 йил сентябрда Сочидаги музокараларда Идлибда деэскалация ҳудудини жорий қилишга келишиб олишганди. Келишувга кўра, расмий Дамашқ назоратида бўлмаган Идлиб периметри бўйича ўт очишни тўхтатиш ҳудуди ташкил этилиши керак эди. Бироқ шунга қарамай, Сурия армияси ва Туркия томонидан қўллаб-қувватланувчи мухолифат у ерда ҳарбий амалиётлар олиб бормоқда.

Аввалроқ Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров жангарилар Идлибдаги гуманитар йўлакларга зарбалар беришни давом эттираётганини маълум қилган. Унинг айтишича, ҳозирда Идлибда Россияда тақиқланган “Ҳайат Таҳрир аш-Шом” гуруҳи аъзолари ҳукмронлик қилмоқда. Лавровнинг таъкидлашича, Суриянинг қуролланган мухолифатига кирувчи тузилмалар аъзолари террорчилар билан ҳамкорлик қилишни тўхтатишлари лозим. 

Мавзуга оид