Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Янги давр урушлари: нималар ўзгарди, мақсадлар-чи?
Урушлар борган сари халқаро муносабатларнинг одатий фонига айланиб боряпти. Энг асосий мавзулар ҳам урушлар билан боғлиқ. Кўплаб экспертлар кейинги ўн йилликларда урушлар фақат кўпайиши ҳақида гапирмоқда. Бунинг фундаментал сабаблари бор.
Дунёда икки қутблилик совуқ уруш билан бирга тугади. Ундан кейинги бир қутблилик даври ҳам узоқ чўзилмади. Бугун дунёда баъзан тезроқ, баъзан секинроқ, лекин барқарор суръатда кўп қутблилик шаклланиб бормоқда. Янги қудратлар кечаги консенсусни тан олишни истамайди. Бошқа томондан, кечаги ягона қудрат ёки минтақавий қудрат марказлари ҳам ўз мавқейи ва монополиясини сақлаб қолишни, бунга қўшимча глобал вазиятни ревизия қилишни истайди.
Урушлар бўйича йирик мутафаккир Карл фон Клаузевиц “Урушнинг асосий тамойиллари” китобида “давлатлар ўз душманларини ўзларининг иродасига бўйсундириш учун уруш очишади” деган эди. Унинг фикрича, денгизлардаги урушларнинг мақсади – денгизда бошқаларнинг байроқлари бўлмаслиги, дунё сувларини монопол назорат қилишга интилишдан иборат.
Бугунги кунга келиб, урушларнинг бу фундаментал мақсади ўзгармади, ўзгармаса ҳам керак. Бироқ уруш техникаси ҳар доим ўзгариб борган. Замонлар оша, технологик ва иқтисодий ривожланиш сабаб, урушларнинг ҳам техникаси, динамикаси, тактикаси ўзгариб борган. Бугун ҳам шу ҳолат кузатилмоқда.
Кейинги йиллардаги бир қанча урушларни олсак. 2022 йил февралида Россия Федерацияси Украинага бостириб кирди ва уруш ҳали ҳам давом этмоқда. РФ Украинани тўлиқ ўз назоратига олиш ниятида эди, бироқ бунга эриша олмади. Аксинча, кейинги ойларда Украина ташаббусни қўлига олмоқда ва урушни РФнинг ичига ҳам олиб кирди.
Ёки, АҚШнинг Эронга уруши ҳам муваффақиятсизликка учради. Чунки 2026 йил февралида бошланиб, Эрондаги сиёсий тизимни алмаштиришга қаратилган урушда расмий Теҳрон йиқилмади, аксинча, музокаралардаги позицияси кучайди.
Яна бир мисол, 2023 йил октябрида Исроил Ҳамасга қарши катта уруш бошлади, Ғазо секторини тўлиқ ишғол қилишга киришди. Бироқ Исроил ўзи эълон қилган “Хамасни йўқ қилиш” мақсадига эриша олмади. Бугун ҳам Хамас мавжуд, у қуролланган, ва Ғазонинг маълум худудларида бемалол ҳаракатланмоқда.
Бир неча ўн йилликлар олдин, АҚШ, РФ ёки Исроил каби ҳарбий қудратли давлатлар ўзларининг ҳарбий машиналари орқали душман тарафни янчиб ташлашга муваффақ бўларди. Бугун эса, вазият мураккаб. Нега қудратли давлатлар олдингидек тўлиқ ҳарбий устунликка эга эмас?
Биринчи сабаби, технологик ўзгаришлар. Нисбатан заиф давлатлар ёки кучлар ҳам бугун асимметрик уруш олиб бориш имкониятига эга. Дронлар уруши давридамиз. Дронлар арзон, ҳам тез ишлаб чиқарилади. Дронларга қарши тизимлар эса, ҳали у қадар ривожлангани йўқ. Мисол учун, битта дрон 500 доллар, 3 минг доллар, энг қудратлилари ярим миллион долларгача турса, бу дронларни йўқ қилувчи тизимлар ушбу дронлардан бир неча ўнлаб баравар қиммат туради. Қолаверса, самарали ҳам эмас.
Албатта, бу фақат ҳозирча. Орадан йиллар ўтиб, аксил-дрон тизимлари ривожланиши, анча арзон бўлиши мумкин. Бироқ, дронлар урушлар қиёфасини ўзгартиргани – инкон қилиб бўлмас ҳолат сифатида қолаверади.
Иккинчи сабаб, урушларнинг қимматлиги, катта сарф харажат талаб қилиши, репутацион ва сиёсий харажатлари, энг бой ва қудратли давлатларни ҳам ўйлантиради. Мисол учун, бугун РФ иқтисодий жиҳатдан анча толиқди. Исроилда ҳам Ҳамасга қарши 2 йиллик уруш сабабли иқтисодий инқироз анча кучайди. Ёки, Эронга қарши урушда АҚШ кунига 1 миллиард доллардан сарфлади. Унинг устига, АҚШ ўзининг стратегик қуролларини ҳам ишлатиб, ўз резервларини анча заифлаштирди. Энди бу ракеталар ва бошқа қуролларнинг ўрнини тўлдириш учун кўп йиллар ва катта уринишлар керак бўлиши маълум. АҚШ каби энг ҳарбий ривожланган давлатлар ҳам, Эрон ёки бошқа давлатлар билан урушаётганда, Хитой Халқ Республикаси каби рақиблари билан эҳтимолий урушни ҳам назарда тутишга мажбур. Шунинг учун АҚШ Эронга қарши катта уруш стратегиясига эга эмас, бу қиммат, мақсадларга эришиш борасида кафолат йўқ, Хитой каби давлатларга қарши туриш учун эса, резервлар йўқ бўлиб қолиши – катта хатарли ҳолат деб кўрилади.
Бугун урушларнинг самарадорлиги нисбатан торайган бўлса-да, давлатлар ёки субъектлар урушлардан воз кечмайди. Чунки бошқа усуллар билан эриша олмаган мақсадларга, фақат урушлар билан эришиш мумкин холос. Бу мақсадлар – ҳудудлар ёки керакли ресурсларни эгаллаш, ёхуд превентив (ниманингдир олдини олишга қаратилган) мақсадлардир.
Кейинги даврдаги урушлар шуни кўрсатадики, агар давлатлар қисқа муддатли, замонавий тактикалар асосидаги урушлар олиб бориб, бу урушларнинг сурункали тус олишига йўл қўймаса – ўз мақсадларига самарали эришган. Бироқ, агар катта мақсадлар қўйилса ва уруш чўзилиб кетадиган бўлса, бу – энг қудратли ва бой давлатларни ҳам жиддий толиқтирганини кузатиш мумкин бўлади.
Янги даврда урушлар кўп бўлиши айтилмоқда. Дунё давлатлари янгидан қуролланиб бошлади. Давлатлар орасидаги ўзаро ишонч жиддий пасайди. Янги даврдаги гибрид урушлар дунёнинг янги қиёфасини белгилаб боради. Давлатлар ўзларининг хавфсизлигини таъминлаш учун нафақат замонавий фикрловчи армияга, балки кучли сиёсий институтларга ва кучли дипломатияга, ишончли иттифоқчилар ялянсига ҳам эга бўлиши керак бўлади.
Мавзуга оид
11:32
Apacheʼни “қулатган” ироқлик деҳқон – Америка ҳарбий вертолётини милтиқда уриб тушириб бўладими?
10:45
Россияда ҳарбий хизмат учун маҳкумлар доирасини кенгайтириш таклиф этилди
10:20
Ҳужжатсиз қолган аёл ва уч нафар фарзанди Ўзбекистонга қайтарилди
09:30