Kun.uz бундан бир йил муқаддам Тошкентда қадимий хазина топилгани ҳақида хабар берган эди. Шундан сўнг ОАВ, жумладан телевидениеда бу ҳақда турли кўрсатув ва материаллар тайёрланиб, оммага эълон қилинди.

Жумладан, «Маданият ва маърифат» телеканали лавҳасида топилмаларнинг барчаси Ўзбекистон тарихи давлат музейига топширилгани кўрсатилди.

Аммо хазинани топган мустақил изланувчи Муҳаммадбобур Юсуповнинг айтишича, хазина тўлалигича музейга топширилган эмас – унинг орасидаги баъзи бир қимматбаҳо буюмлар қаердалиги ҳозир номаълум.

«Ҳозирча хазина тақдири ҳақида маълумот бера олмайман. Охирги марта ушбу хазина Давлат хавфсизлик хизматига топширилгани ҳаммага маълум. Шундан сўнг бу иш давом этиши режалаштирилган эди.

Бундан ташқари, Тошкент шаҳри марказида жойлашган биноларимизда лазер ва рентген сканер қурилмалари ёрдамида яна бўшлиқ борлиги аниқланди. Қидириш ишларини давом эттириш режалаштирилган эди. Ҳозирда ушбу ишлар натижаси нима бўлгани бўйича менда аниқ маълумот йўқ.

Бу – ўзбек халқининг бойлиги. Ниятим – хазинадаги буюмлар тегишлилиги бўйича давлат музейларидан ўрин олса, узимиз ва келажак авлод учун тарихимизнинг очилмаган қирраларини очиб беради.

Хазинага эгалик қилиш учун кўплаб чет эл ташкилотлари катта таклифлар билан олдимга келишди. Улар коллекция таркибидаги қадимги қўлёзмалар, диний манбалар, масалан, Исо пайғамбар ва пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)нинг тарихлари билан боғлиқ ўта ноёб манускриптларга қизиқиш билдиришган эди. Иккинчиси, санъат асарлари – Тошкент шаҳрида яшаган княз Николай Романовнинг саройидан йўқолган портрет ва картина суратлари бўлди.

Кейинги эътибор бу – Ж.Ж.Аудубоннинг Лондонда нашр қилинган «Америка қушлари ҳақида»ги китобига бўлди. Бу китобни олиб чиқиб кетишга кўплаб уринишлар бўлди. Ушбу китобга биринчи келган одам менга 1 млн АҚШ доллари миқдорида пул таклиф қилди. Мен бу китоб сотилмаслигини айтиб, уни Миллий университет кутубхонасига олиб келганман. Китоб Лондон шаҳрида нашр этилган. Ичидаги суратлари қўлда чизилгани учун жудаям ноёб ҳисобланади.

Юқорида айтиб ўтганларимнинг ҳаммаси хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Давлат хавфсизлик хизматига топширилган. Хазина менга қайтарилишига келишилган эди. Ҳозирча қайтарилгани йўқ.