Ўзбекистон | 18:05 / 01.02.2020
30592
4 дақиқада ўқилади

Самарқандда «Дамас»ларга «ов бошланган» – учта маршрут линияси ёпиб қўйилди

Бугун, 1 февраль куни эрталаб Самарқандда содир бўлган бир воқеа эътиборни тортди. Эрталабдан «Дамас» русумли маршруткалар ёппасига тўхтатиб текширилаётганини самарқандликлар кўрган бўлса керак.

Хусусан, Тошкент-Термиз трассаси билан туташ Самарқанд шаҳрини Тойлоқ ва Ургут туманлари билан боғлайдиган йўлда кетаётган «Дамас»ларни ЙПХ ходими тўхтатиб берар, ҳеч қандай юниформада бўлмаган уч киши эса ҳайдовчига фавқулодда қўполлик билан муомала қилиб ҳужжат текширарди.

Бу қатъиятли инсонлар кимлигини билишга қизиқиб, аниқлашга киришдик. Билсак, улар Самарқанд вилоят транспорт бошқармаси автомобиль ташувларини назорат қилиш бўлими ходимлари экан.

Вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида ҳалиги рейд кетаётган жойга яна бордик, аммо ҳайдовчиларни текшираётган ходимлар йўқ экан. Кейин Самарқанд вилоят транспорт бошқармаси автомобиль ташувларини назорат қилиш бўлимига бордик, аммо у ерда фақат қоровулни учратдик: «Бугун иш куни эмас», деди қоровул.

Иш куни бўлмаган кунда ҳам ходим рейд ўтказиши мумкинми? Демак Самарқандда мумкин экан!

Навбатдаги манзилимиз «Кафтархона» автобекатидан Тойлоқ, Ургут туманларининг турли қишлоқларига қатнайдиган маршрутлар назорат қилинадиган ташкилот бўлди. Биз борган «Shahruz trans» МЖЧ раҳбарлари уларга тегишли учта — 205, 206 ва 210-маршрут линиялари ёпилганини, лицензиялари ҳеч қандай сабабсиз бекор бўлиш арафасида турганини айтишди.

Маълум бўлишича, юзлаб ҳайдовчилар эрталабдан вилоят ҳокимиятига бориб, нималар бўлаётганини тушунтириб беришларини талаб қилган, ахир уларнинг тирикчилиги тўхтаб қолган. Аммо ҳокимиятда уларга тайин жавоб берилмаган.

Учта линия бежизга ёпилгани йўқ, бу йўналишларга яқинда автобуслар қўйилганди. Ҳайдовчиларнинг айтишича, лицензияси бўлишига қарамай, арзимаган важлар билан уларнинг ҳужжатлари олиб қўйилган. Эрталаб «Кафтархона» бекатининг Самарқанд туманига қатнайдиган маршрутлар турадиган ерида ҳам жуда кўп одам турганини кўрдик. Ваҳоланки, бу маршрутда доим машина бўларди.

Самарқандда автобус қўйилгани сабаб «Дамас»ларни линиядан олиб ташлаш тажрибаси аввал ҳам бўлган, аммо автобус узоқ йўналишга дош беролмагач, кўп ўтмай «қишлоқ кўчаларини тарк этганди».

Умуман олганда, Самарқанд кўчаларидан «Дамас»ларни «қувиш» амалиёти ҳеч қачон яхшиликка олиб келмаган. Масалан, охирги марта уларни (яъни, лицензия билан одам ташийдиган маршутларни) шаҳар кўчаларидан чиқариб юбориш бугун Самарқанд кўчаларида хоҳлаган вақтида нархни кўтарадиган ва нохолис ҳисоблов тизимидаги қиммат таксиларни келтириб чиқарди.

Бугун ҳам Самарқанд шаҳрининг баъзи ҳудудларида «Дамас»лар қатнови сақланиб қолган ва ўша ҳудуддагилар транспорт учун қолганлардан камроқ пул сарфлайди. Масалан, Самарқанд шаҳридан Кимёгарлар қўрғони, Жума (Пастдарғом тумани маркази), Чархин, Хишрав, Мотрид каби ҳудудларга «Дамас»да бориш қулай ва арзон. Тойлоқ ва Ургут туманларига ҳам «Дамас»да боришга шу вақтгача муаммо бўлмаган.

Автобус қўйилгач енгил машиналарни линиядан олиб ташлаш унчалик тўғри иш эмас, чунки улар бир-бирига халақит бермайди, қайтанга автобус қўйилганидан сўнг рақобат пайдо бўлиб «Дамас»лар ҳам нархни туширди. Автобус ҳам, «Дамас» ҳам юраверса, одамларда танлов имконияти пайдо бўларди. Ким рақобатда устун келса, ўша ишлайверарди, бозор иқтисодиёти, аммо бизда негадир соғлом рақобат қадрланмайди.

Иш куни бўлмаган вақтда ҳам ходимлари рейд қилиб юрадиган Самарқанд транспорт бошқармасидан бу борада жавоб кутиб қоламиз.

Ўткир Жалолхонов

Мавзуга оид