Жамият | 17:00
2927
4 дақиқада ўқилади

Меҳнат инспекцияси Адиз Бобоевга огоҳлантириш юборди

Инспекция Самарқанд вилояти ҳокимини педагогларни касбий фаолиятига алоқадор бўлмаган ишларга жалб этганлик учун жавобгарлик борлигидан огоҳлантирган.

Самарқанд вилояти ҳокимлиги эълон қилган видеодан кадр

Меҳнат инспекцияси Самарқанд вилояти ҳокими Адиз Бобоевга ўқитувчиларни кўчалардаги ободонлаштириш ва мониторинг ишларига жалб этиш ташаббуси юзасидан огоҳлантириш юборди. Бу ҳақда инспекция ахборот хизмати хабар берди.

Инспекция расмий муносабатида амалдаги қонунчиликка кўра, педагог ходимларни уларнинг касбий фаолияти билан боғлиқ бўлмаган ишларга мажбурий тарзда жалб этиш тақиқланишини эслатган.

“Агар мазкур ташаббус амалиётга жорий этилиб, педагоглар фаолиятига дахлдор бўлмаган ишларга жалб этилса, мажбурий меҳнат ҳолатларининг юзага келишига сабаб бўлади.

Шу муносабат билан Самарқанд вилояти ҳокими Адиз Бобоевга педагогларни касбий фаолиятига алоқадор бўлмаган ишларга жалб этиш қонунчиликка зид экани ҳамда бундай ҳолатлар учун жавобгарлик белгиланганлиги юзасидан огоҳлантириш юборилди”, дейилади муносабатда.

Идора ҳар қандай ташаббусни амалга оширишда амалдаги қонунчилик талабларига риоя этиш, педагогларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари ҳимоясини таъминлаш зарурлигини қўшимча қилган.

Самарқанд вилояти ҳокимлиги ҳам расмий муносабат билдириб, вилоят раҳбарининг тавсиясидан асосий мақсад талабаларни жисмоний меҳнатга жалб қилиш эмас, балки соҳага ихтисослашган олий таълим муассасалари, факултетлар ва кафедраларнинг илмий салоҳиятидан самарали фойдаланиш, жамоатчилик назоратини ўрнатишдан иборат эканини маълум қилди.

“Бугунги кунда шаҳар кўчаларида турли касалликлар, зараркунанда ҳашаротлар ҳамда нотўғри агротехник ёндашувлар каби қатор омиллар туфайли айрим дарахтлар касалланиб, қуриб қолмоқда. Бу масалаларни ҳал этишда илмий ёндашув ва мутахассислар маслаҳат ва тавсиялари асосида иш тутиш муҳим аҳамият касб этади.

Шу муносабат билан олий ўқув юртлари ректорлари билан учрашувда биология, экология, агрономия, тупроқшунослик ва ландшафт дизайни каби йўналишларда таълим олаётган ёш тадқиқотчилар ҳамда профессор-ўқитувчиларнинг илмий-тадқиқот ишларини шаҳар муҳитидаги амалий кузатувлар билан уйғунлаштириш таклиф этилди.

Бу жараёнда талабалар ва ёш олимлар дарахтларнинг ҳолатини ўрганиш, мониторинг олиб бориш, касаллик ва зараркунандалар белгиларини эрта аниқлаш бўйича илмий хулосалар ҳамда тавсиялар ишлаб чиқишлари мумкин бўлади. Барча агротехник ва жисмоний ишлар эса тегишли коммунал ва ободонлаштириш ташкилотлари томонидан амалга оширилади.

Таъкидлаш жоизки, мазкур ташаббус илмий муассасалар, маҳаллий ҳокимлик ва ободонлаштириш хизматлари ўртасидаги ҳамкорликни кучайтиришга қаратилган”, дейилади ҳокимлик муносабатида.

Қўшимча қилинишича, бу ёндашув талабалар учун сифатли амалиёт майдонини яратиш, илмий изланишларнинг амалий самарадорлигини ошириш ва шаҳарнинг яшил фондини сақлаш бўйича замонавий ечимларни ишлаб чиқиш имконини беради. Ҳокимлик ҳар қандай ташаббусни амалга оширишда қонунчилик талабларига қатъий риоя қилиниши, фуқаролар ҳуқуқ ва манфаатлари таъминланиши ҳамда мажбурий меҳнатга йўл қўйилмаслигини билдирган.

Аввалроқ Самарқанд вилояти ҳокими ўқитувчиларни кўча назоратчисига айлантиришни буюргани хабар қилинганди. Адиз Бобоев ўз топшириғида Самарқанд шаҳридаги кўчаларни ОТМларга бириктириб қўйишни, олийгоҳ педагоглари ўзларига бириктирилган кўчанинг тозалиги, кўча бўйидаги дарахтлар ва суғориш тизимининг ҳолатини мониторинг қилиб, муаммолар ҳақида ободонлаштириш хизматини хабардор қилиб туриши кераклигини айтганди.

Руслан Сабуров
Тайёрлаган Руслан Сабуров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид