Ўзбекистон | 09:46 / 31.10.2025
2470
2 дақиқада ўқилади

«Изоҳ қолдиринг, ютасиз» — киберфирибгарликнинг янги схемаси

Ижтимоий тармоқларда «ютуқли ўйин» ва «акция»лар ниқоби остида изоҳ қолдириш ёки ҳаволага ўтиш орқали қимматбаҳо совға ютиш таклифлари тарқалмоқда. Мақсад — фуқароларни ишонтириб, шахсий ва банк маълумотларини қўлга киритиш.

Сўнгги пайтларда интернетда янги турдаги фирибгарлик эълонлари кўпайди: гўёки навбатдаги «акция» доирасида изоҳ қолдирган ёки кўрсатилган ҳаволага кирган фойдаланувчига қимматбаҳо совғалар, ҳатто автомобил ютуқлари ваъда қилинади. Эълонда ғолибларни эълон қилиш санаси ҳам кўрсатилади.

Амалда эса «ютуқни расмийлаштириш» баҳонасида иштирокчидан пул ўтказиши, банк картаси реквизитлари ёки SMS орқали келган тасдиқ кодларини киритиши талаб қилинади. Шу йўл билан фирибгарлар ҳисобдаги маблағни ечиб олиши ёки шахсий маълумотларни ўғирлаши мумкин.

Масъул идоралар шубҳали саҳифаларни текширганда, бундай «акция»лар расмий манбаларда қайд этилмагани маълум бўлмоқда. Фуқаролардан текширилмаган ҳаволаларга кирмаслик, шахсий маълумотларни киритмаслик ҳамда шубҳали эълонлар ҳақида хабар бериш сўралмоқда.
Амалий тавсиялар:

  • «акция» ҳақидаги маълумoтни компаниянинг расмий сайти ёки тасдиқланган каналларида текширинг;
  • картангиз реквизитлари ва SMS тасдиқ кодларини ҳеч кимга берманг;
  • номаълум ҳаволаларга кирманг, браузерингизда антивирус/антифишинг ҳимоясини ёқинг;
  • шубҳали эълонни ижтимоий тармоқ ичида «шикоят» орқали белгилаб қўйинг;
  • зарар кўрсангиз, дарҳол банкка ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга мурожаат қилинг.
Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид