22:21 / 04.02.2020
0
6588

Amazon дунёнинг энг йирик реклама берувчисига айланди

Amazon компаниясининг 2019 йилда рекламага харажатлари 11 млрд долларгача етгач, у дунёнинг энг йирик реклама берувчисига айланди. Бунгача энг йирик реклама берувчи Procter & Gamble (P&G) ҳисобланган.

GroupM таҳлилий компанияси раҳбари Брайан Визернинг таъкидлашича, Amazon ҳисобига дунёдаги барча реклама харажатларининг 2 фоизи тўғри келади.

Америкалик тадбиркор Жефф Безос ташкил этган компаниянинг реклама харажатлари охирги ўн йилликда 20 маротаба ошган. Ваҳоланки, компаниянинг 2009 йилда рекламага харажатлари 593 млн долларни ташкил қилган экан. 

Умуман олганда, компаниянинг 2019 йилда маркетингга умумий сарф-харажатлари 18,9 млрд долларни ташкил қилган. Бунга рекламага сарфланган 11  млрд доллар ва бошқа харажатлар, жумладан маркетинг ва савдо билан шуғулланувчи ходимларга ойлик маош киради.   

Amazon’нинг энг йирик бозорлари – АҚШ, Германия, Британия ва Япония ҳисобланади. Amazon охирги йилларда йирик медиахолдингга айланиб, реклама бериш билан бир қаторда ўз сайтида реклама учун жойларни таклиф қилади. Бундан компания 14,1 млрд доллар фойда олган. Amazon ҳозирда рақамли реклама сотиш бўйича Google, Facebook ва Alibaba компанияларидан кейин дунёда 4-ўринни эгалламоқда. 

Аввалги энг йирик реклама берувчи ҳисобланган Procter & Gamble компаниясининг 2019 йилда рекламага харажатлари 350 млн долларгача камайиб, 6,8 млрд долларни ташкил қилган.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top