Тақдимотда ўзбек адабиёти вакиллари: ёзувчи ва таржимонлар, адибнинг оила аъзолари иштирок этиб, Тоғай Мурод шахсияти ҳамда ижоди борасида фикрларини билдирди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

Хусусан, адабиётшунос олим Баҳодир Каримов Тоғай Мурод шахсиятида адабиёт дунёсида учраб турадиган иллат – гуруҳбозлик ва маҳаллийчиликларга муросасизлик руҳи кучли бўлгани ҳақида гапирди.

Фото: Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси

«Тоғай Мурод мақолаларидан бирида ўзининг ёлғизлиги, атрофдаги инсонлардан кўп ҳам рўшнолик кўрмагани ҳақида ёзади. Эҳтимол, бу субъектив бир фикрдир. Нима бўлишидан қатъий назар, бу фикрлар Тоғай Муроднинг қиёфасини кўрсатади. Тоғай Муродга атрофидаги гуруҳбозликлар ёқмаган шекилли, бошқаларнинг кучи гуруҳбозликда, менинг кучим ёлғизлигимда, дейди.

У агар гуруҳбоз бўлсам менинг каллам ишламай қолади, дейди. Ўзимни ғариб, бенаво, “баран” ҳис қиламан, дейди. У яна агар мен ёлғиз бўлсам, ўзимни йўлбарс ҳис қиламан, йўлбарс, дейди.

Бу даҳшатли фикрлар, ҳамма ёзувчи ҳам бу каби фикрларни айтавермайди. 

Бу гапларни Толстойга ўхшаб ҳаётидаги бутун яхши ёмонига иқрор бўлган кишигина айтиши мумкин. Яъни у мен турли маҳаллийчилик, гуруҳбозликларга қўшиладиган бўлсам, одамгарчилик қиёфасидан чиқиб қоламан, мени адолатим, холислигим йўқолади, деган эди», – деди олим.

Ёзувчи таржимон ва танқидчи Иброҳим  Ғафуров Тоғай Муроднинг ушбу китобдан ўрин олган айрим фикрларини ўта субъектив, деб баҳолади.

 

Фото: Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси

«Бу асар ҳаммамизнинг столимиз, китоб жавонимизда бўлиши керак. Бу тўплам фақат Тоғай ижодини эмас, адабиётимизнинг XX асрнинг 1960 йиллардан то 1980 йилларгача бўлган даври муҳитини сезишимизга, тушунишимизга ёрдам беради.

Аммо яна бир нарсани адолат учун айтишим керак. Тоғайнинг айрим фикрлари жуда субъектив эди. Масалан, у мана шу китобдан ҳам ўрин олган адабиётнинг халқчиллиги ҳақидаги мақоласида ёзувчи Темур Пўлатовни Бухородан чиққан ўзбек ёзувчиси, лекин уни асарлари ўзбек халқи ҳақида эмас, деган жуда қаттиқ фикрни айтади. Бу ҳақиқатда, жуда оғир фикр. Тоғай Мурод ўз фикрида давом этиб, булар рус тилида ёзилган лекин уларда рус халқи намоёндаларининг ҳам образлари йўқ, дейди. Яъни, Темур Пўлатовни ўзбек адабиёти учун ҳам, рус адабиёти учун ҳам йўқ ёзувчи, дея талқин қилади. Бу ниҳоятда субъектив фикр, чунки Темур Пўлатов ўз замонасида Андрей Битов, Чингиз Айтматов, Европа ва Болтиқ бўйи давлатлари ёзувчилари билан тенгма-тенг қадам ташлаганини яхши биламиз», деди Иброҳим Ғофуров.