Ўзбекистон | 09:20 / 04.02.2020
4694
2 дақиқада ўқилади

Қишлоқ хўжалиги ерларини иккиламчи ижарага беришнинг ҳуқуқий асослари яратилади

Фойдаланишдан чиқиб кетган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ҳамда ўрмон фонди ер участкаларини иккиламчи ижарага бериш ва бунинг ҳисобидан даромад олиш қонунийлаштирилади

Фото: Shutterstock

Қонунчилик палатаси Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитасида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокамасига бағишланган йиғилиш ўтказилди.

Мазкур қонун лойиҳасида қатор қонунларга қишлоқ хўжалиги ерларини иккиламчи ижарага бериш билан боғлиқ нормалар киритилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг “Ижара тўғрисида”ги, “Деҳқон хўжалиги тўғрисида”ги, “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги, “Ўрмон тўғрисида”ги, “Яйловлар тўғрисида”ги Қонунларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Ер кодексига бир қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилмоқда.

Ушбу қонун лойиҳаси қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларининг қишлоқ хўжалиги ва ўрмон фонди ерларидан фойдаланиш билан боғлиқ муносабатларини ҳуқуқий тартибга солишга қаратилгани билан аҳамиятли. Бу фойдаланишдан чиқиб кетган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ҳамда ўрмон фонди ер участкаларини иккиламчи ижарага бериш ва бунинг ҳисобидан даромад олиш қонунийлаштирилишини англатади.

Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Абдураҳим Қурбоновнинг айтишича, ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши билан қишлоқ хўжалигида фойдаланишдан чиқиб кетган суғориладиган ерлар, лалми ва ўрмон фонди ерлари, яйлов, бўз, кўп йиллик дарахтзорлар инвестициявий шартнома ёки давлат-хусусий шериклик асосида фойдаланишга киритиш ҳисобига инвестициялар ҳажми кескин ошиши кутилмоқда. Бу, ўз навбатида, фойдаланишга киритилган ерлар ҳисобидан озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажми кўпайишига ёрдам беради. Айни пайтда қишлоқ аҳолисининг бандлигини таъминлаш, даромад олиш имконини кенгайтиришда муҳим омил бўлади. Шу билан бирга, мавжуд қишлоқ хўжалиги ва ўрмон фонди ерларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш таъминланади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид