Ўзбекистон | 12:15
1316
2 дақиқада ўқилади

Наманганда йирик қўйчилик кластери ташкил этилмоқда

Президент Шавкат Мирзиёев Тўрақўрғон туманида барпо этилаётган “Наманган қўйчилик кластери” фаолияти билан танишди. Қиймати 35 миллион доллар бўлган лойиҳа доирасида замонавий қўйчилик мажмуаси ташкил этилиб, гўшт етиштириш ҳажми ва сифатини ошириш, янги иш ўринлари яратиш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлаш кўзда тутилган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Тўрақўрғон туманидаги “Наманган қўйчилик кластери” лойиҳаси уч босқичда амалга оширилмоқда. Умумий майдони 10 гектар бўлган ҳудудда ташкил этилаётган мажмуа Ўзбекистон президентининг чорвачилик тармоғини қўллаб-қувватлашга қаратилган қарори асосида ҳаётга татбиқ этилмоқда.

Лойиҳанинг биринчи босқичида хориждан 15 минг бош наслдор қўй олиб келинган бўлса, кейинги босқичларда улар сонини яна 35 минг бошга ошириш режалаштирилган. Кластерда юқори маҳсулдорликка эга “Арашан”, “Ҳисор” ва “Аделбай” зотларини маҳаллий шароитга мослаштириш ишлари олиб борилмоқда.

Замонавий парвариш технологиялари ва илмий ёндашувлар асосида қўйларни интенсив усулда боқиш йўлга қўйилган. Бу эса гўшт етиштириш самарадорлигини сезиларли даражада ошириш имконини беради. Лойиҳа тўлиқ қувват билан ишга тушгач, вилоятда йилига 35-40 минг тонна сифатли гўшт маҳсулотлари ишлаб чиқарилиши кутилмоқда.

Кластер доирасида 280 та янги доимий иш ўрни яратилади. Шунингдек, 95 та камбағал оиланинг бандлиги таъминланади. Мажмуа ҳузурида логистика, ветеринария, сервис ва маҳсулотларни тўғридан тўғри сотиш инфратузилмалари ҳам ташкил этилади.

Президент лойиҳа билан танишар экан, унинг чорвачилик тармоғини ривожлантириш, ички бозорни сифатли гўшт маҳсулотлари билан таъминлаш ва аҳоли даромадларини оширишдаги аҳамиятини таъкидлаб, мазкур тажрибани кенг жорий этиш бўйича топшириқлар берди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид