Ўзбекистон | 22:47 / 06.02.2020
35619
3 дақиқада ўқилади

«Биз олтиннинг устида ўтирибмиз, аммо ундан фойдаланишни билмаяпмиз» — Иброҳим Абдураҳмонов

Инновацион ривожланиш вазирлиги Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси билан ҳамкорликда «Геология тармоғини ривожлантиришда таълим, илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграцияси» мавзусида «форсайт» ташкил этди.

Унда геология соҳаси бўйича ОТМ муассасалари профессор-ўқитувчилари, талабалар, илмий-тадқиқот институтлари мутахассислари, заводлар ва корхоналар етакчи экспертлари қатнашди.

Форсайт ташкил этишдан мақсад – геология илм-фани, таълими ва ишлаб чиқаришни мувофиқлаштириш учун экспертлар, олимлар, талабалар, шунингдек, хусусий сектор вакиллари фикрларини жамлаш эди.

Инновацион ривожланиш вазири, академик Иброҳим Абдураҳмонов президент мурожаатида геология соҳаси бўйича стратегик йўналиш кўрсатиб берилганини таъкидлаб ўтди.

«Форсайтнинг яхши тарафларидан бири унда нафақат илм намоёндалари бўлмиш олимлар ва талабалар, балки хусусий сектор вакиллари ҳам қатнашади ва ўз фикрларини билдиради.

Бугун биз ўзаро интеграция масаласини ҳал қилиб олишимиз керак. Ёшларнинг таклифлари кейинчалик кутилган натижани бермаслиги мумкин, шунинг учун хусусий сектор ҳам қатнашиши мақбул ҳолат», дейди Инновацион ривожланиш вазири.

Шунингдек, у ўлка табиий ресурсларга бойлиги, ундан ўз ўрнида фойдаланиш учун етарли ишлар қилинмаётганини айтиб ўтди.

«Аслида, биз олтиннинг устида ўтирибмиз, лекин бу олтинни ишлатишни билмаяпмиз, деган ҳақиқатни тан олиш керак. Буни ривожлантириш учун президентимиз катта топшириқ қўйдики, илмни қандай ташкил қиламиз, кадрлар тайёрлаш сиёсати қанақа бўлади?! Бугун биз сиз билан зарур таклифларни ишлаб чиқишимиз керак.

Халқаро грандларни Ўзбекистонга олиб келишимиз керак, бу йил ҳисобига олдимизга 300 млн долларлик мақсад қўйилган. Бу кичик сумма эмас, шундан 60-70 миллионини геология соҳасига жалб қиламиз. Грандлар ҳар бири 15-20 млн долларлик йирик лойиҳалар бўлиши керак», дейди Иброҳим Абдураҳмонов.

Шундан сўнг форсайт иштирокчилари 4 гуруҳга бўлиниб, геологиянинг кейинги ривожи учун таклифлар лойиҳасини шакллантиришга киришилди. Ҳар бир гуруҳга олимлар, ёш тадқиқотчилар, хусусий фирмалар вакиллари, талабалар киритилди. Бир соат вақт мобайнида геология ривожи учун таълим, илмий фаолият, ишлаб чиқариш йўналишларида ўз таклифларини ишлаб чиқишди.

Мавзуга оид