Ўзбекистон | 21:34 / 06.02.2020
7998
3 дақиқада ўқилади

Оҳангаронда 1 миллиард сўмлик товарларнинг ноқонуний айланмасига чек қўйилди

Давлат божхона қўмитаси сўнгги кунларда божхона қонунчилиги бузилишига оид аниқланган ҳолатлар ҳақида маълумот берди.

Тошкент вилояти Оҳангарон туманида 1 миллиард 20 миллион сўмлик товар-моддий бойликларнинг ноқонуний айланмасига чек қўйилди

Тезкор тадбирда фуқаро Г.Р. бошқарувида бўлган «Исузу», фуқаро К.Б. бошқарувидаги «Ласетти» ва фуқаро Д.С.га тегишли бўлган «Ласетти» русумли автоуловлар холислар иштирокида кўздан кечирилди.

Натижада автомашиналар юкхонасида хорижда ишлаб чиқарилган ва ҳеч қандай ҳужжатлари бўлмаган, умумий қиймати 1 миллиард 20 миллион сўмлик жами 13 турдаги парфюмерия ва тиббиёт анжомлари яширилгани маълум бўлди.

Тошкентда қарийб 160 миллион сўмлик дори воситаларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилди

Чилонзор туманида фуқаролар Т.М. ва Қ.А.лар шартли харидорга умумий қиймати 62 миллион сўмлик жами 1291 дона «Монталин»  номли дори воситаларни яширинча сотаётган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинди.

Шунингдек, фуқаро Қ.А. бошқарувидаги Нексия ҳам белгиланган тартибда божхона кўригидан ўтказилганида машинада 21 дона «SamyunWan» номли дори воситалари борлиги аниқланди.

Тадбир давомида умумий қиймати 157,2 миллион сўмлик 1291 дона «Монталин» ва 21 дона «SamyunWan» дорилари ашёвий далил сифатида олинди.

Наманганда компьютер мониторлари «қизил» йўлакдан ўтолмади

«Наманган» ТИФ божхона постига хорижий давлатдан вилоятдаги МЧЖ номига жўнатилган товарлар «Хавфни бошқариш» автоматлаштирилган ахборот тизими орқали «қизил» йўлакка йўналтирилди.

Товарлар белгиланган тартибда божхона кўригидан ўтказилганда юк кузатув ҳужжатларида кўрсатилмаган қиймати 45 миллион сўмлик 90 дона аввалда фойдаланишда бўлган компьютер мониторлари борлиги аниқланди.

Сурхондарёда «заҳри қотил» божхона постида тўхтатиб қолинди

Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси «Айритом» чегара божхона постига қўшни давлатдан кириб келган хориж фуқароси М.А. белгиланган тартибда божхона назоратидан ўтказилди.

Натижада унинг юклари орасида умумий оғирлиги 30,92 грамм бўлган турли хилдаги гиёҳлар билан аралашган ҳолдаги қуритилган кўкнори ҳашаги гиёҳвандлик воситаси борлиги маълум бўлди.

Юқоридаги ҳолатлар юзасидан божхона органлари томонидан текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид