«Мен Х.Б, Бухоро вилоятиданман. Новосибирск-Бухоро йўналишида келган эдим. Аэропортда юкларим йўқолди. Лекин мени эшитишни хоҳлашмаяпти».
«Мен С.Н, 61 ёшдаман. Туркия Республикасига саёҳат учун боргандим, қайтишда Ўзбекистон аэропортининг юк қабул қилиш лентасида менинг юкларим йўқлиги аниқланди.
Мен каби юкларини йўқотган йўловчилар анчагина экан. Бундай ҳолатлар қачон бартараф этилади? Ким бу ҳолатни тартибга солади ва етказилган зарарни қоплаб беради?»
Kun.uz сайтига шу мазмунда бир нечта хат келиб тушди. Улар орасида юклари йўқолганда кимга мурожаат қилишни ва уни қандай топиш мумкинлигини билмаганлар ҳам бўлиши эҳтимолдан йироқ эмас.
Биринчи бўлиб шуни айтиш керакки, парвозларда юкларнинг йўқолиши амалиётда учраб турадиган ҳолат ва халқаро авиация ҳуқуқида бу масалага ечим белгиланган. Шундай экан, самолётга чиқар экансиз, керакли ҳуқуқий маълумотга эга бўлиш фойдадан холи бўлмайди.
Юк йўқолса, ким топиб беради?
«Uzbekistan Аirways» компанияси маълумотига кўра, аэропортга учиб келиб, багаж олинадиган жойда ўз юкини топа олмаган йўловчи «Lost & Found» бўлимига мурожаат қилиши лозим.
Бу ерда мурожаатчи учун далолатнома тузилади (халқаро тилда «Property Irregularity Report» деб юритилади) ва халқаро World Tracer тизимига қидирув ҳақида маълумот киритилади.
Агар юк 21 кун ичида топилмаса, йўловчи етказилган зарарни қоплаш бўйича авиаташувчи номига расмий даъво аризаси бериш зарур.
Халқаро қонунчиликка мувофиқ, 1 кг юк учун камида 20 доллар компенсация тўланади.
Бу каби ҳолатларда йўловчиларнинг юкларига жавобгарлик авиакомпаниянинг норматив ҳужжатлари, халқаро ҳужжатлар (Варшава ҳужжатлар тизими) ва Ўзбекистон Республикаси Ҳаво кодексига асосланиб тартибга солинади.
Ҳар йили қанча юк манзилидан адашади?
Аэропорт индустриясидаги Халқаро информацион технология компанияси –SITA маълумотига кўра, 2019 йилда манзилидан адашган ва йўқолган юклар фоизи охирги 3 йилда 5,7 фоизга камайган.
Масалан, 2018 йилда дунё бўйича ҳар минг кишига 5,69та шундай юк тўғри келади ва бу 2017 йилдагига нисбатан 2,2 фоизга камроқ дегани.















