Ўзбекистон | 17:53
1185
2 дақиқада ўқилади

Тошкент халқаро аэропортида учиб келиш залини реконструкция қилиш бошланди

Шу сабабли энди залнинг чап томонидан йўловчиларнинг чиқиши тўхтатилади. Учиб келганлар бинодан тўғрига қараб чиқади.

Фото: Uzbekistan Airports

Тошкент халқаро аэропортини реконструкция қилиш доирасида қурилиш-монтаж ишларининг навбатдаги босқичи — учиб келиш залини кенгайтириш бошланди. Бу ҳақда Uzbekistan Airports матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, шу сабабли залнинг чап томонидан йўловчиларнинг чиқиши тўхтатилади. Эндиликда учиб келганлар бинодан тўғрига қараб чиқишади. Қурилиш вақтида хавфсизликни таъминлаш учун вақтинчалик усти ёпиқ йўлак қурилади. Кутиб олувчилар зали одатдаги режимда ишлайди.

Лойиҳага кўра, бино фасадини олдинга суриш ҳисобига учиб келиш зали майдони 2500 метр квадратга ошади. Ҳозирда мавжуд зал майдони — 5300 метр квадрат. Ушбу босқич яна иккита багаж ленталарини ўрнатиш ва терминал ичида кутиб олувчилар учун кенг майдон яратишни ўз ичига олади.

Реконструкция ишларини 2025 йилнинг май ойида якунлаш режалаштирилган, шундан сўнг қурилиш ишларининг якуний босқичи бошланади, унда учиб кетиш ва келиш залларини бирлаштириш назарда тутилган. Бу эса ўз навбатида соатига 2400 йўловчига хизмат кўрсатиш қувватига эга йирик ягона аэропорт мажмуасини яратиш имконини беради.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йил август охирларида Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортини реконструкция қилиш лойиҳаси доирасида халқаро авиақатновлар терминали майдони 45 минг метр квадратдан 65 минг метр квадратгача кенгайтирилгани тўғрисида хабар берилганди.

Мавзуга оид