Ўзбекистон | 00:55 / 09.02.2020
13855
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистоннинг Пекиндаги элчихонаси: «Умумий саъй-ҳаракатларимиз натижасида юзлаб талабалар мамлакатимизга саломат қайтдилар»

Фото: Uzreport TV

Таъкидланишича, 15 январда элчихонада тезкор штаб тузилди ва дипломатик миссиянинг барча ходимлари Хитойнинг турли бурчакларидаги 2000 нафардан ортиқ талабаларимиз билан мулоқотга чиқиб, уларнинг ҳар бири билан якка тартибда тўғридан-тўғри алоқа ўрнатишга фаол киришди.

Ўзбекистон Республикасининг Пекиндаги элчихонаси Хитойда таҳсил олаётган ватандошларимизга мурожаат билан чиқди.

“Сўнгги ҳафталарда Ўзбекистон Республикаси фуқаролари қаерда бўлишидан, ёши ёки ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, Хитойда 2019- nCoV коронавируси ёйилгани муносабати билан бу мамлакатдан ватандошларимизни юртимизга қайтариш жараёнларини катта ҳаяжон билан кузатиб бордилар.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг шахсий эътибори ва мамлакатимиз ҳукуматининг қўллаб-қувватлаши, шунингдек Ташқи ишлар вазирлиги ва элчихонамизнинг Ўзбекистон ва Хитойдаги тегишли вазирлик ҳамда идоралар билан биргаликдаги саъй-ҳаракатлари натижасида 600 нафар ҳамюртимизни ватанга олиб келиш бўйича жуда аниқ ва ҳар томонлама пухта ишлар амалга оширилди. Қатъий карантин шароитида қисқа муддатда Хитой томони билан тегишли музокаралар олиб борилди, Тошкентга чартер рейсларини ташкил этиш бўйича барча масалалар мумкин қадар қисқа давр ичида келишилди ва ҳал этилди, Хитойнинг ўнлаб шаҳар ва провинцияларидан Ухань ва Пекин шаҳарларига барча талаба ёшларимиз сафарбар қилинди.

Эътиборли томони, Ўзбекистон нафақат коронавирус ўчоғи бўлган Ухан шаҳридан, балки Хитойнинг қатор чекка минтақаларидан ўз фуқаролари эвакуациясини ташкил қилган кам сонли давлатлардан бири бўлди. Юртдошларимизни керакли манзилга етказиш ишлари Хубэй провинциясининг алоҳида карантин тартиби жорий этилган бошқа шаҳарларидан (Хуанши, Цзянан, Ичан, Личуан, Цзинмен) ҳам амалга оширилди”, дейилади унда.

Мурожаатда қайд этилишича, Ўзбекистон фуқароларини Ухань шаҳридан олиб чиқиб кетиш мақсадида элчихона Хубэй провинцияси ҳамда маҳаллий олий ўқув юртлари маъмуриятлари билан биргаликда ушбу провинциянинг Ухань ва яна бешта бошқа шаҳридаги 14 та университетда таҳсил олаётган салкам 80 нафар талабани эвакуация қилиш бўйича бир неча босқичли режа ишлаб чиқди. Унга мувофиқ, фуқароларимизнинг шахсини ва бошқа маълумотларни аниқлашдан тортиб, уларнинг рўйхатини тузиш ва маҳаллий транспорт компаниясини жалб қилган ҳолда талабаларни Ухань шаҳри аэропортига олиб келишгача бўлган комплекс тадбирлар амалга оширилди.

Таъкидланишича, 15 январда элчихонада тезкор штаб тузилди ва дипломатик миссиянинг барча ходимлари Хитойнинг турли бурчакларидаги 2000 нафардан ортиқ талабаларимиз билан мулоқотга чиқиб, уларнинг ҳар бири билан якка тартибда тўғридан-тўғри алоқа ўрнатишга фаол киришди.

“Объектив сабабларга кўра бундай ностандарт шароитларда мазкур вазифаларни ҳеч бир муаммоларсиз ҳал қилиш мумкин эмаслиги ҳам табиий ҳолатдир. Аммо енгиб бўлмас тўсиқ бўлиб кўринган муаммолар ҳам бартараф этилди.

Энг асосийси, умумий саъй-ҳаракатларимиз натижасида юзлаб талабалар мамлакатимизга саломат қайтдилар. Бу эса келгусида улар ўз ўқишларини давом эттириш мақсадида яна Хитойга қайтишларининг муҳим кафолати ҳисобланади. Улар бу ерда Ватанимизнинг янада тараққий этиши учун зарур бўлган замонавий билимларни ўқиб-ўрганиб, ёш истиқболли мутахассислар сифатида Ўзбекистонга қайтишади”, дейилади мурожаатда.

Хукумат комиссияси қарори билан 4-6 февраль кунлари Ўзбекистонга Пекин шаҳридан 2 та ҳамда Ухань провинциясидан 1 та чартер рейслар орқали жами 584 нафар фуқароларимиз олиб келинди. Фуқароларнинг барчаси Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсиясига кўра махсус тайёрланган муассасаларга жойлаштирилди ва 14 кун муддат давомида (касалликнинг яширин даври давомида) тиббий назоратга олинди.

Мавзуга оид