Спорт | 17:06 / 09.02.2020
11603
2 дақиқада ўқилади

Швециялик 20 ёшли енгил атлетикачи лангарчўпга таяниб сакраш бўйича жаҳон рекордини ўрнатди

20 ёшли швециялик спортчи 2014 йилда франциялик Рено Лавиллени томонидан ўрнатилган рекордни янгилади. 

Фото: AFP/Getty Images

Швециялик енгил атлетикачи Арман Дюплантис Польшанинг Торунь шаҳрида ўтказилган халқаро мусобақада лангарчўпга таяниб сакраш бўйича жаҳон рекордини ўрнатди. Бу ҳақда Халқаро енгил атлетика федерациялари ассоциацияси (ХЕАФА) хабар берди.

Спортчи 6 метр 17 см баландликни забт этди. Шу тарзда, 20 ёшли швециялик спортчи 2014 йилда франциялик Рено Лавиллени томонидан ўрнатилган рекордни янгилади.

Дюплантис биринчи уринишда 5,72 м, 5,92 м ва 6,01 м кўрсаткичга эришди. Аммо иккинчи уринишда у жаҳон рекордини ўрната олди.  

ХЕАФАнинг қайд этишича, у етти ёшидан ўз ёш гуруҳида рекордлар ўрнатишни бошлаган.

«Ҳовлимизда кичкиналигимда сакрашни бошлаганимданоқ ҳаммадан зўр бўлишни – жаҳон рекорди ўрнатишни истардим. Буни қандай тушунтиришни билмайман, аммо уч ёшимдан бунга эришишга уринишни бошлаганман», — деди спортчи.

Мавзуга оид