Ўзбекистон | 10:59 / 11.02.2020
4901
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда айрим беморларни соғломлаштиришга кўмаклашиш бўйича жамғарма ташкил этилди

Онкогематологик ва даволаш қийин бўлган касалликларга чалинган беморларни соғломлаштиришга кўмаклашиш жамғармаси ташкил этилди

Фото: KUN.UZ

Ўзбекистон Республикаси президенти “Ўзбекистон Республикасида гематология ва трансфузиология хизматларини ривожлантириш ҳамда онкогематологик ва даволаш қийин бўлган касалликларга чалинган шахсларни янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Молия вазирлиги ҳамда Монополияга қарши курашиш қўмитасининг Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Онкогематологик ва даволаш қийин бўлган касалликларга чалинган беморларни соғломлаштиришга кўмаклашиш жамғармасини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқулланди.

Қуйидагилар Жамғарма маблағларини шакллантириш манбалари этиб белгиланди:

Давлат бюджетига тушадиган тамаки маҳсулотлари учун акциз солиғи йиғим суммасининг 7 фоизи;

Жамғарманинг вақтинча бўш маблағларини тижорат банклари депозитларига жойлаштиришдан олинадиган даромадлар;

жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

Белгиланишича:

а) Жамғарма маблағлари ҳисобидан ташхис қўйиладиган ва даволанадиган онкогематологик ва даволаш қийин бўлган касалликлар рўйхати Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланади;

б) Жамғарма маблағларидан:

онкогематологик ва даволаш қийин бўлган касалликларга чалинган беморларга тиббий ёрдам кўрсатиш учун тегишли тиббиёт муассасаларига асбоб-ускуналар, дори воситалари, тиббий буюмлар, лаборатория реактивлари ва бошқа сарфлаш воситаларини сотиб олишда;

онкогематологик ва даволаш қийин бўлган касалликлар бўйича юқори технологияли мураккаб операцияларни амалга ошириш учун юқори малакали хорижий мутахассисларни республикага жалб қилишда;

онкогематологик ва даволаш қийин бўлган касалликларга чалинган беморларга республика ҳудудидаги давлат ва нодавлат тиббиёт ташкилотларининг юқори технологик ташхис ва тиббий ёрдам кўрсатиш хизматларини харид қилиш харажатларини қоплаш учун фойдаланилади.

Мавзуга оид