Жамият | 15:00 / 11.02.2020
6019
3 дақиқада ўқилади

Самарқанд ҲЭТК: «Кадрларимизнинг катта қисми ёшлардан иборат»

Ўзбекистон тараққиёт ва ривожланишнинг бугунги шиддатли даврида барча соҳада билимли, сиёсий ва ижтимоий фаол, халқ манфаатини ўз шахсий манфаатидан устун қўядиган, замонавий технологиялардан хабардор кадрларга эҳтиёж ортиб бормоқда. 

Шу сабабдан «Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» АЖ тизимида ҳам ёшлар масаласига алоҳида эътибор қаратиб келинади.

Ёш ходим техника хавфсизлиги билан боғлиқ мураккаб вазиятга тушиб қолса нима қилиш керак? Қай ҳолатда ўзини қандай тутиши, аҳоли билан ишлашда нималарга эътибор қаратиши керак? Қайси дастур ва ускуналардан қандай фойдаланиш самарали?

Шу каби кўплаб саволлар «Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» АЖ раҳбарияти ва тизимда ишловчи ёшлар ўртасида ўтган очиқ давра суҳбатида муҳокама этилди.

Ўзбекистон Республикаси президенти томонидан илгари сурилган 5 та ташаббус асосида ўтказилган учрашув, эркин, самимий руҳда ўтди. 

Мазкур ташаббус доирасида «Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» АЖда ҳам қатор ишлар амалга ошириб келинмоқда. Жумладан, жамиятда фаолият олиб бораётган ёшларнинг касб малакаси, замонавий технологиялар билан ишлаш кўникмасини ошириш, аёлларни қўшимча касбга ўргатиш доимий эътиборда бўлиб келмоқда. 

Хусусан, ёшларга янги технология сирларини ўргатиш жамият ходимларининг иш фаолиятини унумдорлигини янада оширишда муҳим омил бўляпти. 

Мамлакатимиз аҳолисининг 30 фоизини 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган йигит-қизлар ташкил этади. Шунингдек, «Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» АЖда меҳнат қилаётган кадрларнинг ҳам катта қисми ёшлардан иборатдир.

Шу сабабдан ҳам ёшларга яна кўпроқ эътибор қаратиш, уларни келгусида касбга йўналтириш ишларига катта аҳамият берилмоқда. Бунда тадбирлар, йиғилишлар, семинар-тренинглар ташкил қилинмоқда. 

Давра-суҳбатларда ёшларнинг келажакдаги режалари, ташаббуслари, таклифлари ва албатта уларни қийнаётган муаммолар эшитилмоқда, керакли маслаҳат бериляпти, лозим жойда ёрдам кўрсатилмоқда. 

Чунки тизимдаги улкан ўзгаришларда жамият ёш кадрлар кучига ҳам таянади.  

«Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» АЖ
Матбуот хизмати

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид