Жаҳон | 23:01 / 11.02.2020
6542
2 дақиқада ўқилади

Volvo ва Geely автомобил компаниялари бирлашишни режалаштирмоқда  

Швециянинг Volvo Car компанияси ва Хитойнинг энг йирик автомобилсозлик компанияси Geely Automobile ягона глобал гуруҳ ташкил этиш мақсадида ўз корхоналарининг тўлиқ бирлашиши имконини кўриб чиқмоқда.  

Volvo компанияси 2010 йилдан бери Geely Automobile таркибига киради. Швеция компанияси Geely Automobile билан ўзининг энг янги ишланмалари ва технологиялари билан мунтазам бўлишишига қарамасдан, муайян мустақилликни сақлаб қолган. Эндиликда иккала компания бир корхонага бирлашишга қарор қилди. 

Таъкидланишича, бу қадам молиявий ва технологик ҳамкорликни тезлаштириш учун ҳамда соҳада етакчига айланиш ва йирикроқ компанияларга муносиб рақобат ташкил этиш учун зарур ҳисобланади. Бундан ташқари, Volvo бирлашишдан кейин Хитойдаги ишлаб чиқариш қувватларидан фойдалана олади, Geely эса Европа бозорига таъсирини кенгайтириши мумкин бўлади. Икки компания бирлашишига қарамай, ҳар бир марканинг ўзига хослигини сақлаб қолмоқчи. 

Айни вақтда Volvo ижрочи директори бошчилигида компанияларнинг бирлашиши режасини ишлаб чиқиш бўйича ишчи комиссия шакллантирилган. Маълум қилинишича, компанияларнинг бирлашиши йил охиригача якунланиши лозим.

Дастлабки баҳолашларга кўра, янги компаниянинг капиталлашуви 30 млрд доллар атрофида бўлади, йиллик ишлаб чиқариш ҳажми қарийб 2 млнта автомобилни ташкил қилади. Компания Стокҳолм ва Ҳонгконгда иккита қароргоҳга эга бўлади.

Geely 2019 йилда 1,36 млнта автомобил сотган. Volvo 2010 йилда мулкдори ўзгаргач ва шундан кейин моделлари қаторини янгилагач, анча яхши натижалар кўрсатиб келмоқда. Компания 2019 йилда бутун дунё бўйлаб 700 мингтага яқин автомобил сотган.  

Мавзуга оид