Ўзбекистон | 09:45 / 12.02.2020
2275
2 дақиқада ўқилади

2020 йилда ХАЭА миссияси Ўзбекистондаги ядровий инфратузилмани ҳар томонлама кўриб чиқишни белгилаган

Ядро хавфсизлиги соҳасида ҳамда АЭС қурилиши каби йирик лойиҳаларни амалга оширишда ташкилот Ўзбекистонга ҳар қандай ёрдамни кўрсатишга тайёр экани билдирилди 

Фото: Энергетика вазирлиги матбуот хизмати

Ўзбекистон энергетика вазири Алишер Султонов Халқаро атом энергияси агентлиги (ХАЭА)нинг янги тайинланган бош директори Рафаэл Мариано Гросси билан учрашди. 

Вазирлик матбуот хизматига кўра, учрашув Ўзбекистон делегациясининг 2020 йил 10-14 февраль кунлари ташкилотнинг Вена шаҳридаги бош қароргоҳида ўтказилган Ядро хавфсизлиги бўйича халқаро конференциядаги иштироки доирасида бўлиб ўтди.

Мулоқот давомида ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама этилди. Мариано Гросси Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва мамлакатнинг ХАЭА билан ҳамкорликни кучайтираётганига юқори баҳо берди. У ХАЭА Ўзбекистон тимсолида минтақадаги муҳим ҳамкорни кўраётганини таъкидлади.

Шунингдек, у ядро хавфсизлиги соҳасида ҳамда АЭС қурилиши каби йирик лойиҳаларни амалга оширишда ташкилот Ўзбекистонга ҳар қандай ёрдамни кўрсатишга тайёр эканини билдирди, 2020 йилда ХАЭА миссияси ядровий инфратузилмани ҳар томонлама кўриб чиқишни белгилаганини маълум қилди.

Мариано Гросси мамлакатда ядро хавфсизлигини таъминлашда мувофиқлаштирувчи муҳим рол ўйнашини алоҳида таъкидлаб, шу боисдан мувофиқлаштирувчининг кадрлар салоҳиятини оширишга жиддий эътибор қаратиш лозимлигини маълум қилди. Бу борада ХАЭА миссияларидан бири бўлган «Мувофиқлаштириш масалалари бўйича комплекс хизматлар (IRRS)» дастурининг ўтказилиши Ўзбекистоннинг миллий дастури тўлиқ халқаро талаблар асосида амалга оширилишини таъминлаш имконини бериши таъкидланди.

2020-2021 йиллар мобайнида ХАЭА техник ҳамкорлик дастури доирасида Ўзбекистонда умумий қиймати 1 миллион евродан ортиқ бўлган тўртта лойиҳани амалга ошириш учун тасдиқлади. 

Дастур Ўзбекистонда ядро энергияси объектларидан фойдаланишда ядро ва радиация хавфсизлигини мустаҳкамлаш, тиббиёт ва иқтисодиётнинг бошқа тармоқларида замонавий ядро технологияларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш, шунингдек, ядро энергияси ҳақидаги билимларни тарқатишни кўзда тутади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид