Ўзбекистон энергетика секторининг узоқ йиллик раҳбари Алишер Султонов лавозимидан озод этилди. 58 ёшли собиқ амалдорнинг нима учун ишдан бўшатилгани ва унинг ўрнини ким эгаллаши ҳозирча маълум эмас. Kun.uz охирги 10 йилликда энергетика соҳасидаги энг муҳим лавозимларда ишлаган сиёсатчининг фаолиятига назар ташлайди.
Алишер Султонов ким?
Алишер Саидаббосович Султонов 1967 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. 1989 йилда Можайский номидаги ҳарбий-муҳандислик институтини тамомлаган. Меҳнат фаолиятига эътибор қаратсак, энергетика тизимининг аксарият тармоқларида ишлаганини кўриш мумкин.
Хусусан, Султонов 1996−1998 йилларда “Ўзнефтқайтаишлаш” компаниясида бош мутахассис лавозимида ишлаган. 1998−1999 йилларда Шўртан газ-кимё мажмуаси қурилишида бош мутахассис, 1999−2002 йилларда “Ўзбекнефтгаз” компанияси Шўртан қурилиши бошқармасида бошлиқ бўлган. 2002−2013 йилларда Шўртан газ-кимё мажмуасига раҳбарлик қилган. Ўша йиллари Ғузорнинг “Шўртан” футбол клуби ўз тарихидаги энг яхши натижаларни қайд этган.
Алишер Султонов 2013−2015 йилларда “Ўзбекнефтгаз” раиси ўринбосари, 2015 йил августидан 2018 йил сентябрига қадар компания раиси эди. У 2017 йил ноябрида бош вазир ўринбосари – геология, ёқилғи-энергетика комплекси, кимё, нефт-кимё ва металлургия саноати масалалари комплекси раҳбари этиб тайинланган.
2019 йил февралида энергетика соҳасида ягона давлат сиёсатини юритувчи орган – Энергетика вазирлиги ташкил этилиб, “Ўзбекэнерго”, “Ўзбекнефтгаз” ва “Ўзбекгидроэнерго”нинг давлат ваколатлари мазкур вазирликка ўтказилган эди. Ўшанда Алишер Султонов янги вазирликнинг биринчи раҳбари этиб тайинланди ва 3 йил давомида – 2022 йилнинг апрел ойигача мазкур лавозимда ишлайди. Унинг вазирликдан кетиши “соғлиғидаги муаммолар” билан изоҳланган эди.
2023 йилда Султонов Ўзбекистон президентининг нефт-газ, кимё ва энергетика масалалари бўйича маслаҳатчиси бўлиб ишлаётгани маълум бўлди, лекин янги тайинлов ҳақида расмий хабар эълон қилинмади.














