22:19 / 12.02.2020
0
17640

Samsung 108 Мпли камерага эга ва букилувчи экранли янги смартфонларини тақдим қилди

Samsung 11 февралда букилувчи дисплейли Galaxy Z Flip ва Galaxy S20 қаторига кирувчи S20, S20+ ва S20 Ultra смартфонларини тақдим қилди.   

Фото : Future

Янги S20’лар 2019 йилда чиқарилган Galaxy S10 қурилмалари ўрнини эгаллайди.

S20, S20+ ва S20 Ultra смартфонлари мос равишда 6,2, 6,7 ва 6,9 дюймли, 3200*1440 пикселли AMOLED-экранлар олган. Учала смартфон ҳам симсиз қувватлагични қўллаб-қувватлайди, экрандаги бармоқ изи сканери ва IP68 стандарти бўйича сувдан ҳимояга эга. Смартфонларда Exynos 990 ёки Qualcomm Snapdragon 865 чиплари қўлланади. Смартфонларнинг 4G тармоқларни қўллаб-қувватловчи версияларида тезкор хотира 8 Гбдан 12 Гбгачани, 5G-верияларда эса 12 Гбдан 16 Гбгачани ташкил қилади. Доимий хотира ҳажми 128 Гбдан 512 Гбгачани ташкил қилади ва уни microSD хотира карталари ёрдамида ошириш мумкин. Смартфонлар батареялари сиғими мос равишда 4000, 4500 ва 5000 мА-соатни ташкил қилади.

Ҳар доимгидек янги Samsung смартфонларининг бош жиҳати унинг камералари бўлди. S20 ва S20+ моделлари 10 Мпли олд камера ҳамда 64 Мпли асосий камера билан жиҳозланган.

S20 Ultra модели 40 Мпли олд камера ва 108 Мпли кенг бурчакли, 48 Мпли телефото модул ҳамда чуқурлик сенсори ва ўта кенг бурчакли модулдан иборат асосий камера билан жиҳозланган.

Барча смартфонларнинг камералари 8 К сифатдаги видео суратга олади. Шунингдек, смартфонларда уларни хакерлик ҳужумларидан сақловчи янги Guardian Chip процессори ўрнатилган.

Galaxy Z Flip/фото:AP

S20, S20+ ва S20 Ultra’нинг нархи мос равишда 999, 1200 ва 1399 долларни ташкил қилиши тахмин қилинмоқда. Улар март бошида сотувга чиқарилади.

Шунингдек, тақдимотда букилувчи экранли Galaxy Z Flip смартфони намойиш қилинган. Смартфон 6,7 дюймли Infinity Flex Display экрани билан жиҳозланган. Қурилма йиғилган ҳолатда квадрат шаклга келиб, бемалол кафтга ўрнашади. Смартфон асосий экрандан ташқари, ташқи корпусида йиғилган ҳолатда қўллаш учун мўлжалланган 1 дюймли қўшимча дисплей олган. 

Samsung Galaxy S20 series
 Galaxy S20 ultra

Шунингдек, қурилма 256 Гб доимий ва 8 Гб тезкор хотира билан таъминланган. Таъкидланишича, Z Flip’да исталган бурчакда очилган экран билан ишлаш мумкин бўлади.

Жанубий Корея компанияси тақдимотда смартфонлардан ташқари, 3 микрофонли ва 2 та полосали динамикларга эга Galaxy Buds Plus симсиз қулоқчинларини ҳам тақдим қилган. 

IDC тадқиқот компаниясининг баҳолашича, Samsung 2019 йилда бутун дунё бўйлаб 1,37 млрд дона смартфон сотган ва бу борада жаҳон бозорининг 21,6 фоиз улуши билан етакчи ҳисобланади. Ундан кейинги ўринларни Huawei (17,6 фоиз), Apple (13,9 фоиз), Xiaomi (9,8 фоиз) ва OPPO (8,3 фоиз) эгаллаган.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top