Ўзбекистон | 20:00 / 12.02.2020
30695
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Путин билан телефон мулоқотида Россияга давлат ташрифини муҳокама қилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 12 февраль куни Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот қилди.

«Суҳбатда давлат раҳбарлари кўп қиррали Ўзбекистон-Россия ҳамкорлиги жадал ривожланиб бораётгани ҳамда стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари изчил мустаҳкамланаётганини катта мамнуният билан қайд этдилар.

2019 йилда ўзаро ҳамкорликда салмоқли амалий натижаларга эришилгани ва барча даражалардаги мулоқотлар сезиларли фаоллашгани алоҳида қайд этилди.

Хусусан, икки томонлама товар айирбошлаш ҳажми юқори суръатлар билан барқарор ошиб бормоқда. Бир йилнинг ўзида 500 қўшма корхона ташкил этилди, Россиянинг етакчи компания ва банклари иштирокида иқтисодиётнинг муҳим тармоқларида устувор инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда. Таълим ва маданий-гуманитар соҳалардаги алмашинувлар кенгаймоқда», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Мулоқот чоғида олий даражадаги тадбирлар режаси муҳокама қилинган. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Россия Федерациясига давлат ташрифи кун тартибини тайёрлаш, жумладан, ташриф доирасида навбатдаги ҳудудлар ва ректорлар анжуманларини, медиа-форум ва бошқа тадбирларни ўтказишга алоҳида эътибор қаратилган.

Ўзбкекистоннинг Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига раислиги йилида Ўзбекистон ва Россия ҳамкорлигининг истиқболлари кўриб чиқилган.

Халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилган.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 5 февралида Ўзбекистон президентининг Москвага ташрифи бўлиб ўтиши режалаштирилганди. Аммо кейинроқ бу ташриф номаълум муддатга қолдирилганди.

Мавзуга оид