Жаҳон | 22:14 / 13.02.2020
33427
21 дақиқада ўқилади

АҚШда президентлик пойгаси. Бу ҳақда нималарни билиш лозим?

3 февраль куни Айова штатида биринчи кокус - Демократик партиядан президентликка номзодни танлаш бўйича бошланғич сайловлар бўлиб ўтди. Бу орқали 2020 йилги президентлик сайлови пойгасига расман старт берилди. 2019 йил кузида демократлардан 25 сиёсатчи сайловда ўз номзоди билан иштирок этишини маълум қилганди. Айовадаги кокус очилишига келиб уларнинг 11 нафари қолганди. 

GETTY IMAGES

11 февраль куни эса Нью-Ҳэмпширда праймериз бўлиб ўтди. Бу сайловлардан кейин яна икки киши -  тадбиркор Эндрю Янг ва колорадолик сенатор Майкл Беннет мағлубиятни тан олиб, пойгани тарк этди.

Кокуслар, праймериз ва бошқа икир-чикирлар

Америкада президентлик сайловлари президентлик учун номзодликка нисбатан муносибларни саралаб олишдан бошланади.

Бунинг учун бутун мамлакат бўйлаб праймериз ва кокуслар ўтказилади, бунда америкаликлар қайси партиядан ким президентлик сайловларида иштирок этиши бўйича қарор қабул қилишади.

Праймериз ва кокуслар – Америка Қўшма Штатларининг ҳар бир штатида ва хориждаги ҳудудларда навбати билан ўтказиладиган турли даражадаги сайловлардир. Бошланғич сайловлар натижасида ҳар бир штат президентлик учун даъвогарларини аниқлайди.

Кейин танланган даъвогарлар делегатлар гуруҳини аниқлашади, бу гуруҳ партияларнинг миллий съездларида штат номидан иш кўради.

Кокус ва праймеризнинг фарқи нимада?

GETTY IMAGES

Кокус - партия фаоллари йиғилишлари бўлиб, партия аъзолари хусусий уйда, мактабда ёки бошқа жамоатчилик биносида учрашиб, номзодларни муҳокама қилишади, овоз бериш жараёни очиқ тарзда кечади - қўл кўтариш орқали овоз берилади.

Праймериз ҳам бирламчи овоз бериш бўлиб, унинг фарқли жиҳати сайлов қутиларидан фойдаланилади. Праймериз штат ҳукумати томонидан ташкиллаштирилади, кокуслар эса – партия фаоллари ташаббуси билан ўтказиладиган норасмий учрашувдир ва бундай партиявий референдумлар АҚШнинг 11та штатида ўтказилади.

Праймеризнинг турли қоидаларга эга турлари мавжуд:

  • «Очиқ» праймериз – штатдаги сайловчиларнинг барчаси қатнашади, праймеризда турли партиялар вакиллари овоз бериши мумкин. Масалан, республикачилар демократларнинг праймеризида қатнашиши ёки аскинча бўлиши мумкин.
  • «Ярим ёпиқ праймериз» – рақиб партия сафидан рўйхатдан ўтганлар овоз беришда қатнаша олмайди, аммо мустақил сайловчиларга овоз беришда қатнашишга рухсат берилади.
  • «Ёпиқ» праймериз – овоз беришга фақат муайян штатда муайян партиядан рўйхатдан ўтган сайловчилар қўйилади.

Кокуслар ўтказилиши тартиби турли штатлардаги қонунларга боғлиқ равишда турлича. Демократик партия кокусларида сайловчилар баъзида қайсидир номзодни ёки делегатни қўллаш учун алоҳида гуруҳларга ажралиши кузатилади.

Республикачиларнинг кокусларида даъвогарлар одатда яширин овоз бериш йўли билан танланади.

Делегатлар кимлар?

Праймериз ва кокуслар вақтида президентликка номзодлар тўғридан-тўғри аниқланмайди, бу кейинроқ умуммиллий конвенцияларда қатнашадиган делегатларнинг вазифасидир.

Делегатлар партия аъзолари бўлиб, съездларда штатлардаги праймеризларда маъқулланган номзодлар учун овоз беришади.

Назарий жиҳатдан, бошланғич сайловлар якунланганида ҳам партия ягона номзодни танлай олмаслиги мумкин. Бундай ҳолатда натижа партия делегатлари ўртасидаги муҳокамалар ва янги овоз бериш жараёнини ўтказиш орқали аниқланади.

Биринчи ҳолатда делегатлар ўз овозини аввалдан танланган номзод учун беришга мажбур бўлишса, иккинчи ҳолатда улар ўзлари мустақил равишда қарор қабул қилишлари мумкин.

Аммо одатда партиянинг номзоди праймеризлар натижаларига кўра аниқ бўлади. Сайловолди даврида (қиш-ёз) кўплаб номзодлар делегатлар умумий сайловда ғолиб бўлиш имконияти кўпроқ бўлган номзод атрофида бирлашишлари учун ўз номзодини қайтариб олишади.

Айова ва Нью-Ҳэмпшир нима учун биринчи бўлиб овоз беришади?

Трампга қарши чиқиши мумкин бўлган номзодлар Сандерс, Буттиджич, Уоррен ва Байден

Алоҳида сабаби йўқ, тарихан шундай анъана юзага келган. Бу йил Айовада кокуслар 3 февраль куни бўлиб ўтди, Нью-Ҳэмпширда праймериз 11 февраль куни ўтказилди.

Маҳаллий сиёсатчилар ва фаоллар бу икки штатдаги сайлов натижалари пойганинг кейинги қисми қандай ривож топишига жиддий таъсир кўрсатади, деб ҳисоблашади. Бу штатлар якуний натижани белгиламайди, аммо номзодларнинг сараги саракка, пучаги пучакка ажралади, натижалар номзодларга қарор қабул қилишда туртки бўлади.

Қолаверса, Айовада ютган сиёсатчи телевизор экранларидан тушмайди. Бунинг молиявий жиҳатдан ҳам аҳамияти бор: дастлабки штатларда ғолиб чиққанлар учун ҳомийларнинг ҳамёнлари оғзи очилади. Албатта, одамларга ғолиблар ёқади.

Сўнгги тўрт сайловда ҳам Демократлар партиясининг президентлик учун номзоди Айовада ғолиб бўлган. Партиянинг 1975 йилдан буён ноябрдаги сайловларда қатнашган 8 номзодидан 5 нафари Нью-Ҳэмпширдаги праймеризда устун келган. Шундай экан, бу йили биринчи праймеризда етакчилик қилган Пит Буттиджич ва Берни Сандерснинг президентликка номзод бўлиш учун имкониятлари юқори.

Республикачилар партиясидаги ҳолатга қарасак, 1976 йилдан буён президентликка номзодларнинг 7 нафаридан 5 нафари Нью-Ҳэмпширда ғолиб бўлган, Айовадаги кокусларда эса эҳтимолий номзодни 1980 йилдан буён фақат икки марта аниқ танлашган.

Танқидчилар, бу штатлардаги овоз беришлар натижалари аҳамияти ҳаддан ташқари бўрттириб юборилишини айтишади: бу кичик штатларда оқ танли қишлоқ аҳолиси кўпчиликни ташкил этади (икки штатда ҳам оқлар 94 фоиздан).

Суперсешанба нима дегани?

Февраль ойида яна икки штатда, Невада ва Жанубий Каролинада бошланғич сайловлар ўтказилади. Март ойида «суперсешанба» бўлиб ўтади. 

Суперсешанба – кўплаб штатларда бир вақтда праймериз ёки кокуслар ўтказиладиган кун. Аҳолиси кўп штатлар, жумладан, Калифорния ва Техас штатларида ҳам шу куни сайлов бўлиб ўтади.

2008 йил февралида «суперсешанба»да 24 штат қатнашган, 2012 йилда 10та. 2016 йил суперсешанба 1 март кунига тўғри келган ва бу куни параллел равишда 16та ҳудудда сайловлар ўтказилган: 13таси АҚШ ичкарисидаги штатлар, қолгани мамлакат ташқарисидаги Америка ҳудудлари.

Бу йил эса бу кун 3 март кунига тўғри келади ва 15та штатда сайлов ўтказилади. Бу кунда демократларнинг делегатларининг 40 фоизга яқини, республикачиларнинг делегатларининг 30 фоизга яқини аниқланади.

Праймериз ва кокуслар ёзга қадар давом этади. Кейин июль ойида умуммиллий партия съездларида президентлик учун расман номзодлар танланади.

Штатлардаги съездларда турли сондаги делегатлар сайланади – уларнинг сони штатдаги сайловчилар сонига мос равишда бўлади.

Президентликка расман номзод бўлиш учун даъвогар мутлақ кўпчиликнинг овозини қўлга киритиши керак бўлади, яъни делегатларнинг умумий сонининг ярмидан битта кўп овоз олиш талаб этилади.

2016 йил Обаман ва Ҳиллари Клинтон Демократик партиянинг миллий конвенциясида

Республикачилар партияси вакили расман номзод бўлиш учун 1236 овоз, демократ эса – 2383 овоз тўплаши керак бўлади.

Сайловнинг биринчи босқичи тақвими

Америка тизими президент сайлашнинг ўзига хос усулига эгадир. Номзодларнинг исм-шарифлари сайлаш варақаларида белгиланган бўлишига қарамай, техник жиҳатдан сайловчилар президент учун тўғридан-тўғри овоз беришмайди. Ҳар бир штат аҳолиси ўша штатнинг Конгрессдаги сенатор ва вакиллар сонига тенг «Президент сайловчилари»ни саралайди. Ҳар бир штатнинг энг кўп овоз олган номзоди мазкур штатнинг барча «сайлов овоз»ларини ўз ҳисобига ўтказишга эришади.

Кимлар ҳалиям президентликка даъвогар?

REUTERS

Президентлик пойгасининг расмий стартига номзодларнинг ярмидан кўпи етиб келмади. Демократик партиядан 25 киши номзод сифатида рўйхатга олинганди, Айовадаги кокуслар арафасида номзодлар сони 11 киши бўлиб қолди, Нью-Ҳэмпширдаги праймериздан кейин яна икки киши пойгани тарк этди.

Би-би-си қайси демократлар ҳали ҳам президентликка даъвогар бўлиб қолаётгани ва улар сайловчиларга қандай ваъдалар беришаётгани ҳақида материал тайёрлаган.

1. Берни Сандерс, Вермонт штатидан сенатор, 78 ёш.

 

Берни Сандерс / AFP

1991 йилдан 2007 йилгача Вермонт штатидан конгрессмен бўлган, 2007 йилда Сенат аъзолигига сайланган, мустақил номзод сифатида бирорта партия аъзолигига кирмаган. Сайловлар вақтида демократларни қўллаб келган. У ўтган асрнинг 60-йилларида Америка Социалистик партиясининг ёшлар қаноти аъзоси бўлган. 1988 йилда тўй саёҳати давомида собиқ совет иттифоқида ҳам ўн кунни ўтказган.

2016 йилда биринчи марта президентлик пойгасида қатнашган, Демократик партия праймеризларида Ҳиллари Клинтонга ютқазган.

Сайловчиларга нима ваъда қилмоқда: 2020 йилда ҳам Берни Сандерс ўз тарафдорларига тўрт йил олдинги сайловолди дастурини таклиф этмоқда. Сенатор олий таълим олиш учун тўловларни бекор қилмоқчи, барча учун бепул тиббий хизматни жорий этмоқчи ва меҳнатга ҳақ тўлашнинг минимал миқдорини соатига 15 доллар қилиб белгиламоқчи. Шу билан биргаликда, у бойлар учун солиқни кескин кўтаришни кўзлаган. Сенаторнинг режасига кўра, 1 миллиард доллардан ортиқ қийматдаги кўчмас мулкка эга бўлган америкаликлар 77 фоиз солиқ тўлаши керак бўлади.

У ўтган йил охирига келиб сайловолди кампанияси доирасида 34,6 миллион доллар маблағ тўплади.

2. Пит Буттиджич, Саут-Бенд шаҳрининг собиқ мэри, Индиана штати, 38 ёш.

Пит Буттиджич / Reuters

Ҳарвард ва Оксфорд университетлари битирувчиси, АҚШ Ҳарбий-денгиз кучлари разведка хизмати лейтенанти. 2014 йилда 7 ой мобайнида Афғонистондаги Америка ҳарбий контингенти таркибида бўлган ва медаль билан тақдирланган. Олти тилни билади, жумладан, араб, форс ва француз тилларини ҳам. 2015 йилда  South Band Tribune нашридаги мақоласида ўзининг ноанъанавий жинсий ориентацияси ҳақида маълум қилган. 2017 йилда мактаб ўқитувчиси Частен Глезман билан никоҳдан ўтган.

Сайловчиларга нима ваъда қилмоқда: собиқ мэр АҚШда сайлов тизимини ўзгартиришни таклиф қилмоқда, у сайловчилар коллегиясидан воз кечиб, ҳар бир сайловчи ўз хоҳишини тўғридан-тўғри билдириши мумкин бўлган тизимни ёқлайди. Шунингдек, у барча давлат коллежларини йилига 100 минг доллардан кам даромад кўрувчи оилаларга мансуб бўлган талабалар учун бепул қилмоқчи, бепул суғурта тизимини жорий этмоқчи.

Ўтган йилнинг охирига келиб, у ўз сайловолди кампаниясига хайрия сифатида йиғган маблағ миқдори 25,2 миллион долларга етган эди.

3. Эми Клобушар, Миннесота штатидан АҚШ сенатори, 59 ёш.

Хусусий юридик хизмат соҳасида фаолият кўрсатиб келган Клобушар 1998 йилда биринчи марта расмий лавозимга сайланади, ўшанда у Миннесота штатидаги Ҳеннепин округи прокурори бўлганди. 2006 йилда у Сенат учун сайловларда ғолиб чиқади ва Конгресснинг юқори палатаси аъзосига айланган илк миннесоталик аёл бўлади.

Сайловчиларга нима ваъда қилмоқда: Клобушар аёлларнинг зўравонликдан ҳимоя қилишга, экологик вазиятни ҳамда соғлиқни сақлаш соҳасидаги вазиятни яхшилашга қаратилган бир қанча янги қонунлар қабул қилишни таклиф этмоқда. Сенаторнинг таклифларидан бирига кўра, АҚШда ишлаб чиқаришда қўрғошиндан фойдаланилган ҳар қандай болалар ўйинчоғини тақиқлаш назарда тутилади. У сайловчилар билан учрашувларида Барак Обама олиб борган сиёсатни давом эттиришини билдирмоқда.

Ўтган йил охиригача 11,4 миллион доллар миқдорида хайрия маблағи йиғган.

4. Элизабет Уоррен, Массачусетс штатидан АҚШ сенатори, 70 ёш.

REUTERS

АҚШнинг бир қанча университетларида ҳуқуқ соҳасида профессор бўлган Уоррен банкротлик тўғрисидаги қонунлар бўйича ихтисослашган ва 2008 йилги молиявий инқироздан кейин катта машҳурликка эришган. У ўшанда Истеъмолчиларнинг молиявий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича бюро (Consumer Financial Protection Bureau) тузиш ташаббускори бўлган, Обама президентлиги даврида унинг махсус маслаҳатчиси лавозимини эгаллаган.

2012 йилда Сенат учун сайловларда ғалаба қозониб, Массачусетс штатидан Конгресснинг юқори палатасига сайланган илк аёл бўлганди.

Сайловолди кампанияси вақтида бир неча марта «оилавий тарихи» ҳақида сўзлаб берди, жумладан, у ҳиндуларнинг Чероки қабиласи авлоди эканини маълум қилганди. Кейинроқ Уоррен бу тарих ўйлаб топилганини тан олган ва Америка туб аҳолиси форуми иштирокчилари олдида узр сўраган.

Сайловчиларга нима ваъда қилмоқда: Сенатор Уоррен мулкий нотенгликка қарши курашмоқчи ва «ҳаддан ташқари бойлар» учун янги солиқлар жорий қилмоқчи. Унинг дастурига кўра, сайловда ғалаба қозонса, бойлиги 50 миллиондан юқори баҳоланадиган фуқаролар ҳар йили ўз активлари қийматининг 2 фоизи миқдорида, миллиардерлар эса 3 фоиз миқдорида солиқ тўлайди. Бюджетга жамғарилган маблағлар, Уоррен хонимнинг фикрича, кам таъминланган оилалар учун турли имтиёзлар тарзида берилади, жумладан, бепул ёки арзон болалар боғчалари, тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятлари каби.

У ўтган йил охирига келиб сайловолди кампанияси учун 21,7 миллион доллар маблағ йиғганди.

5. Жо Байден, АҚШнинг собиқ вице-президенти, 77 ёш.

Фото: Getty Images

1972 йилда, 30 ёшга тўлмасдан туриб Делавэр штатидан АҚШ сенатори бўлган. Сенатнинг суд қўмитасини бошқарган, кейин уч марта Конгресс юқори палатасининг халқаро ишлар бўйича қўмитасига раҳбар этиб сайланган.

2008 йилда Демократик партия номидан президентлик сайловларида қатнашиш истагини билдирган, аммо кўп вақт ўтмай ўз номзодини қайтариб олган. Кейинроқ Байден Барака Обаманинг таклифини қабул қилиб, АҚШ вице-президенти лавозимига номзод бўлган.

2019 йилда у президент Трамп импичментидаги асосий фигуралардан бирига айланди, президент Жо Байден ва унинг ўғли Ҳантерни коррупцияга қўл уриш ва мансабини суиистеъмол қилишда айблаганди. Собиқ вице-президент айбловларнинг барчасини рад этган.

Сайловчиларга нима ваъда қилмоқда: ўз тарафдорлари билан учрашувлар чоғида Жо Байден дамбадам Барака Обама билан саккиз йил давомида сафдош бўлганини эслатиб келмоқда ва АҚШнинг 44-президенти олиб борган сиёсатни тиклашни ваъда қилмоқда. «Мен ҳукуматни қандай қилиб ишлатишни биламан», - дея таъкидлайди у доимо.

Ўтган йил охирида Байден вице-президент лавозимини Республикачилар партияси вакилига таклиф этиши мумкинлигини билдирганди. Бундан ташқари, у бир неча марта АҚШдаги ташқи сиёсат масалалари бўйича энг яхши мутахассис эканини таъкидлаган. «Мен президент бўлиш учун мамлакатдаги энг малакали одамман. Мен Америка ташқи сиёсатини ҳаммадан кўра яхшироқ, ҳатто (Генри) Киссенжердан ҳам яхшироқ биламан», деган у.

Ўтган йил охирига келиб, сайловолди кампаниясига хайрия сифатида 23,3 миллион доллар миқдорида маблағ тўплаган.

6. Майкл Блумберг, Нью-Йоркнинг собиқ мэри, 77 ёш.

Миллиардер, Bloomberg молиявий компанияси ва шу номдаги агентлик асосчиси, АҚШнинг энг бадавлат одамлари рўйхатида 9-ўринни, жаҳон рейтингида эса 14-ўринни банд этган, жами бойлиги 61,5 миллиард долларга тенг. Сўнгги 20 йил ичида у уч марта партиясини алмаштирган, 2000-йилларни республикачи сифатида бошлаган, кейин мустақил сиёсатчига айланган ва ниҳоят 2018 йилда демократларни қўллаб-қувватлашини эълон қилган.

У аввалдан президентлик сайловларида иштирок этиш ниятини билдириб келарди, аммо сайлов пойгасига фақат 2019 йилнинг ноябрига келиб қўшилди. Собиқ мэрнинг сайловолди кампанияси шиори - «Иш ўринлари яратувчиси. Муаммоларни ҳал қилувчи етакчи».

Сайлов кампаниясига ўз маблағлари ҳисобидан 2019 йилнинг сўнгги чорагида қарийб 250 миллион доллар сарфлаган.

Сайловчиларга нима ваъда қилмоқда: Блумберг демократларнинг АҚШда қуролга эгалик қилиш қоидаларини қатъийлаштириш бўйича барча ташаббусларини қўллаб-қувватлайди. У бу соҳадаги жамоатчилик ташкилотига ҳомийлик қилади, давлат бу соҳани назорат қилиши керак деб ҳисоблайди ва ўқотар қуролга эгалик қилувчи барча фуқароларни максимал даражада қатъий текширишга чақириб келади.

Ўтган йил якунида ўз маблағлари ҳисобидан 200 миллион долларни ўз сайловолди кампанияси учун ажратган.

7. Том Стейер, миллиардер, 62 ёш.

GETTY IMAGES

Farallon Capital жамғармаси раҳбари, бир қанча банклар ҳаммуассиси, миллиардер Том Стейернинг давлати 1,6 миллиард долларга баҳоланади, у рафиқаси билан умри давомида бойлигининг ярмини хайрия учун сарфлаш мажбуриятини юкловчи ҳужжатга имзо чеккан. У камтарлиги билан ажралиб туради, доим эски «Ҳонда»сини миниб юради ва ҳар қандай ҳашаматдан бош тортади.

У 2008 йилда Барак Обаманинг сайловолди кампаниясида фаол ҳомийлардан бири эди, ўшанда уни Молия вазирлигининг бўлажак раҳбари сифатида кўришарди. 2016 йилги сайловолди кампанияси даврида Ҳиллари Клинтонга ёрдамлашган ва унинг учун 87 миллион доллар хайрия маблағи тўплаб берган.

2017 йил октябрида сиёсий кампаниясини бошлаган, Дональд Трамп импичменти ташвиқоти билан шуғулланган, телеканаллар ва ижтимоий тармоқларда шу мавзудаги реклама роликларини молиялаштирган. 2019 йил июлида номзод сифатида расман рўйхатдан ўтган ва сайловолди кампанияси учун ўз маблағлари ҳисобидан 100 миллион доллар ажратишни ваъда қилган.

Сайловчиларга нима ваъда қилмоқда: Стейер кампаниясининг асосий мавзуси Трамп импичменти учун курашни давом эттириш. Миллиардернинг тасдиқлашича, унинг «Импичмент эълон қилиш керак» (Need to Impeach) ташаббусини бугунги кунда Дональд Трамп ҳокимиятдан қонуний йўл билан четлатилиши керак деб ҳисоблайдиган 8 миллион америкалик томонидан қўллаб-қувватланади.

«Мен ўйлайманки, қонунларга қарши ва ҳалокатли сиёсатчи олиб борадиган президентга қарши кураш фуқароларни сайлов участкаларига келишга ундайди», - дейди Стейер.

Ўтган йил охиригача сайлов кампанияси учун ўз маблағлари ҳисобидан 157 миллион доллар сарфлаган.

8. Тулси Габбард, АҚШ Конгресси аъзоси, 38 ёш.

REUTERS

2002 йилда ҳарбий жанг санъатлари бўйича инструктор ҳамда хайрия ташкилоти фаоли бўлган Габбард Ҳавайи штатида Конгресс учун сайловларда ғолиб чиқади.

Бир йил ўтиб у АҚШ Миллий гвардиясида чиқиш қилади. 2004 йилда бир йил давомида Ироқда тиббий бўлим таркибида хизмат қилади. Кейинроқ Алабама ҳарбий академиясидаги зобитлик мактабини тамомлайди. Кувайтда хизмат қилади, майор унвонига эга.

2012 йилда АҚШ Конгресси учун сайловларда ғолиб бўлади ва келиб чиқишига кўра ҳиндистонлик бўлган илк конгрессмен аёл бўлади. У Демократик партияда илғор қарашларни қўллаб-қувватлайди, марихуана тўлиқ қонунийлаштирилиши тарафдори, америкалик ҳарбийлар АҚШдан ташқаридаги ҳудудлардаги ҳарбий низоларга жалб этилишига қарши. Аввалроқ Габбард бир жинслилар никоҳига қатъий қаршилигини билдирган, кейин бундай сўзлари учун узр сўраган.

Ўтган йили Ҳиллари Клинтон Габбардни «рус жосуси» деб атаган ва Кремль унинг фойдасига информацион кампания олиб боришини айтганди. Бунга жавобан конгрессвумен собиқ давлат котибини «уруш оловини ёқувчи» деб атаган ва уни судга бериб, узр сўраш ҳамда маънавий зарарни қоплаш учун 50 миллион доллар тўлашни талаб қилганди.

Сайловчиларга нима ваъда қилмоқда: Габбарднинг айтишича, агар у сайланса, унинг президентлик даврида АҚШ бошқа давлатларнинг ички ишларига сиёсий ва ҳарбий аралашишни тўхтатади. Бундан ташқари, у бошқа номзодлар қатори Қўшма Штатларда барча тиббий хизматлар бепул бўлиши ва давлат томонидан тўлаб берилиши тарафдори ҳисобланади.

Ўтган йил охиригача 3,5 миллион доллар миқдорида хайрия маблағи жамғарган.

9. Деваль Патрик, Массачусетс штатининг собиқ губернатори, бизнесмен, 63 ёш.

EPA

Америка нашрларида ёзилишича, 2020 йилги президентлик сайловларида иштирок этишга уни эски дўсти, АҚШнинг 44-президенти Барак Обама ундаган. У сайловда қатнашиши ҳақида ўтган йилнинг ноябрига келибгина эълон қилган.

Келиб чиқишига кўра Чикаго жанубидаги афроамерикаликларнинг қашшоқ туманларидан бўлган Патрик Ҳарвард университетининг юридик факультетида ўқиган ва диплом олгач хусусий ҳуқуқшунос сифатида фаолият юритган. 1994 йилда АҚШ бош прокурори ёрдамчиси этиб тайинланган, фуқаролар ҳуқуқларига риоя этилишини назорат қилиш департаментини бошқарган.

2007 йилдан 2015 йилгача Массачусетс штати губернатори бўлган, аввалги губернатор Митт Ромни бошлаган сиёсатни давом эттириб, штат соғлиқни сақлаш тизимида ислоҳотлар олиб борган, таълим дастурларини молиялаштиришни оширган, меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорини соатига 8 доллардан соатига 11 долларгача кўтарган.

2015 йилда Bain Capital инвестиция компаниясининг ижрочи директори бўлган, бир вақтнинг ўзида соғлом ҳаёт тарзини тарғибот қилувчи American Well телевизион компанияси директорлари кенгашини бошқарган.

Сайловчиларга нима ваъда қилмоқда: Сайловчилар билан учрашувлар вақтида Деваль Патрик Барак Обама билан эски қадрдон эканини эслатишдан чарчамаяпти ва 44-президент сиёсатини давом эттиришни ваъда қилмоқда. У соғлиқни сақлаш соҳасига ажратиладиган маблағларни кўпайтиришни, шунингдек, таълим дастурларини кенгайтиришни ваъда қилмоқда. Бундан ташқари, Патрик сайлов округлари тизимини кўриб чиқишни таклиф қилмоқда. Унинг фикрича, мавжуд тизим сайловчиларнинг эмас, сиёсий партияларнинг манфаатларига хизмат қилмоқда.

У ўтган йил охиригача ўз сайлов кампанияси учун 2,3 миллион доллар миқдорида хайрия жамғарганди.

Мавзуга оид