Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Биргина Мамдани эмас: демократлар яна қаерларда ғалаба қилди ва бу нима учун муҳим?
Фото: Getty Images
5 ноябр куни Ню Йорк мэрлиги учун сайловда Зоҳран Мамдани ғалаба қозонгани бутун дунё эътиборини ўзига қаратди. Мусулмон, Фаластин мустақиллиги тарафдори ва демократ-социалист бўлган Мамдани АҚШ сайловларидаги энг ёш ва энг кўп муҳокамалар марказида турган номзод бўлди. Аммо унинг Трамп томонидан қўлланган Эндрю Куомо устидан қозонган ғалабаси – демократларнинг бу сайловлардаги ҳайратомуз муваффақиятининг фақат бир қисми эди.
Пайшанба кунига келиб, демократлар бутун мамлакат бўйлаб бир қатор ишончли ғалабаларга эришгани маълум бўлди – энг кўзга кўринган сайлов кампанияларидан тортиб, унчалик машҳур бўлмаган маҳаллий сайловларгача. Бир йил олдин сайловчилар овози ўнг қанотга силжиган округлар бу йил яна йўналишни ўзгартирди. Politico нашри маълумотларига кўра, экзитполлар демократлар олий маълумотга эга бўлмаган сайловчилар орасида ҳам ўз кўрсаткичларини яхшилашга муваффақ бўлганини кўрсатган.
Демократик партия номзодлари Ню Жерси ва Виржиниядаги губернаторлик сайловларида катта фарқ билан ғалаба қозониб, Камала Ҳарриснинг бир йил аввал Трамп билан тўқнашувдаги натижаларини сезиларли даражада ортда қолдирди.
«Виржиния аҳолиси ва бутун мамлакат бўйлаб сайловчилар Трамп маъмуриятига нисбатан ғазабларини баланд овозда ва шубҳасиз эълон қилишди. Демократларда давомат рекорд даражада бўлди ва бу келгуси йилда нималарни кутишимиз кераклигини кўрсатади», – деди Демократик партиянинг сиёсий стратеги, Виржиния вице-губернатори номзодининг сайловолди кампанияси устида ишлаган Кристина Фройндлих Politico нашрига.
Виржиния
Ҳудудий сайлов натижалари азалдан оралиқ ва президентлик сайловлари олдидан барометр ҳисобланадиган Виржинияда демократлар Вакиллар палатасидаги 13 та ўринни республикачилардан тортиб олишди, бу билан сўнгги 40 йил ичида энг катта фарқни юзага келтиришди.
«Виржиниядаги бугунги сайловлар ҳақиқий сиёсий зилзила бўлди», – деди Демократик партиянинг қонунчилик кампаниясини ўтказиш қўмитаси президенти Ҳизер Уилямс Guardian нашрига.
Губернаторлик сайловларида демократ, собиқ конгрессмен ва Марказий разведка бошқармасининг собиқ ходими Абигейл Спанбергер ғалаба қозонди. У бу штатда илк аёл губернаторга айланди.
Politico нашри ёзишича, Спембергер шаҳарларнинг чекка ҳудудларида энг кўп овозга эга бўлган. Айнан шундай ҳудудлар бир пайтлар демократларнинг Доналд Трампга қаршилик кўрсатиш таянчи бўлган, бироқ Жо Байден даврида Республикачилар партияси томон силжий бошлаганди.
Вице-губернаторлик лавозимини унинг демократ ҳамкасби Ғазал Ҳашми эгаллади ва у Америка тарихида штат даражасидаги сайловларда ғалаба қозонган биринчи мусулмон бўлди.
«Ушбу ғалабага ушбу мамлакат ва бизнинг штатимиз тақдим этаётган имкониятлар кўлами туфайли эришдик», – деди Ҳашми ўз нутқида.
Бош прокурорлик пойгасида эса демократ Жей Жонс ғолиб чиқди. Ҳолбуки у сайловолди кампаниясининг сўнгги босқичида ОАВда сиёсатчининг тажовузкор SMS хабарлари тарқалгач, можарога аралашиб қолганди. Ушбу ёзишмаларда Жонс агар Ҳитлер, Пол Пот ва ўзининг республикачи рақиби Тодд Гилберт ўртасида учта ўқни кимга сарфлаш бўйича танлов қилишга тўғри келадиган бўлса, улардан иккитасини Гилберт олиши ҳақида ҳазил қилганди.
Калифорния
Калифорнияда сайловчилар штат конституциясига киритилган тузатишни маъқуллади, бу тузатиш округ чегараларини ўзгартиришга имкон бериб, 2026 йилги сайловларда демократларга АҚШ Вакиллар палатасида қўшимча бешта ўрин олишга ёрдам берадиган янги харитани жорий этади.
Ушбу тузатиш учун овоз бериш ёзда Вашингтонда қўшимча бешта ўрин олиш умидида ўз округлари чегараларини ўзгартирган Техас штатига Калифорниянинг жавоби бўлди.
Аввалроқ Доналд Трамп республикачи штатлар 2026 йилги сайловлардан кейин партия АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси устидан тўлиқ назоратни таъминлаши учун ўз округлари чегараларини ўзгартиришини талаб қилганди.
«Биз Трампнинг телбалиги қаршисида ортга чекинмадик ва бугун, уйғониб, ириллаган „айиқ“ каби уйғонганимиздан сўнг – навбатдан ташқари сайловларда мисли кўрилмаган фаоллик ва тарихий натижага гувоҳ бўлдик», – деди Калифорния губернатори Гэвин Нюсом демократларнинг Сакраментодаги штаб-квартирасида сўзлаган нутқида. Қабул қилинган тузатишнинг асосий ташаббускори айнан у ҳисобланади.
АҚШ Вакиллар палатаси ҳар икки йилда бир марта сайланадиган 435 нафар қонун чиқарувчидан иборат. Уларнинг ҳар бири ўз округи манфаатларини ифодалайди, округ чегаралари эса штатнинг ўзида белгиланади. Сайлов округлари чегараларини айнан ким ва қандай белгилашига бу округда қайси партия – демократлар ёки республикачилар устунликка эга бўлиши кўп жиҳатдан боғлиқ.
Бу амалиёт (унинг ўзига хос номи бор – жерримендеринг) шунга олиб келадики, кўпчилик округларда икки партиядан бирининг имконияти мутлақ юқори бўлади; фақат округларнинг кичик қисмида демократларда ҳам, республикачиларда ҳам ғалаба учун тенг имконият сақланиб қолади.
Штатлар ҳар 10 йилда бир марта АҚШ аҳолини рўйхатга олиш маълумотлари асосида округларни қайта тақсимлаши шарт, охиргиси 2020 йилда ўтказилган. Ўн йилликлар ўрталарида округларни қайта тақсимлаш одатий ҳол эмас ва одатда партия назоратининг ўзгариши билан боғлиқ бўлади.
Пенсилвания
Пенсилванияда сайловчилар штат Олий судининг Демократик партиядан сайланган уч нафар судяси ваколатларини сақлаб қолиш учун овоз беришди, консерватор миллиардер Жефф Ясс штат судидаги сиёсий мувозанатга таъсир ўтказишга бўлган уринишлари беҳуда кетди. Бундан ташқари, апелляция ва маъмурий судларга қўшимча сайловларда ҳам демократлар ғалаба қозонган.
Пенсилваниянинг Бакс округида (бир йил олдин Трамп бу ерда минимал устунлик билан ғалаба қозонганди) демократлар барча асосий сайловларда устунликка эришишди, биринчи марта демократ номзодни округ прокурори этиб сайлашди ва амалдаги республикачи шерифни ишдан бўшатишди.
Бошқа ғалабалар
Демократлар сўнгги 50 йил ичида биринчи марта Ню Йорк штатининг Сиракуза шаҳрини ўз ичига олган Онондага округи қонун чиқарувчи органи устидан назоратни қўлга киритди. Шимолий Каролина штатининг Шарлотта шаҳрида эса 1999 йилдан бери биринчи марта шаҳар кенгашидаги ўринлардан бири республикачилардан демократларга ўтди.
Деярли йигирма йил ичида биринчи марта демократлар Жоржия штатида ғалаба қозонишди: уларнинг икки номзоди Давлат хизматлари комиссиясига сайловда ғалаба қозониб, республикачиларнинг ўрнини тортиб олишди.
NBC News’нинг экзитполларига кўра, демократлар обрўсини тиклаш учун курашишда давом этмоқда: Виржиния, Ню Жерси ва Калифорнияда сайловчиларнинг аксарияти Демократик партияга салбий муносабатда. Шунга қарамай, Politico таъкидлаганидек, бу сайлов натижалари партияга йил давомида етишмаган янги куч ва қатъиятни таъминлаши мумкин.
«Шуни ёдда тутиш керакки, оралиқ сайловлар – ҳокимиятда бўлмаган партия бўйича референдум эмас, – деди Демократик партия миллий қўмитаси раиси Кен Мартин NPR’га берган интервюсида. – Демак, бу ерда бизнинг кўрсаткичларимиз аслида аҳамиятга эга эмас. Доналд Трампнинг машҳурлик ва маъқуллаш даражаси ҳозир рекорд даражада паст... Республикачилар партиясиники ҳам».
Мавзуга оид
08:52 / 04.12.2025
Трамп: Путин келишув тузишни ва «нормал ҳаётга қайтишни» истаяпти
15:57 / 03.12.2025
Мадуронинг имкониятлари тугади. Унинг Трамп билан телефон мулоқоти ҳақида нималар маълум?
21:10 / 02.12.2025
Трамп 5 соатда ижтимоий тармоқда 160 дан ортиқ пост жойлади
08:12 / 30.11.2025