Ўзбекистон | 15:28 / 14.02.2020
19643
2 дақиқада ўқилади

Фарғонада енгил қоида бузган ҳайдовчилар бир ҳафта жавобгарликка тортилмайдиган бўлди

Бугун, 14 февралдан бошлаб бир ҳафта давомида Фарғона вилоятида енгил қоидабузарликка йўл қўйган ҳайдовчилар жаримага тортилмайди. ЙҲХ ходимлари уларга фақат огоҳлантириш бериш билан кифояланади.

Фото: ИИВ Ахборот хизмати

Вилоят ИИБдан маълум қилишларича, Ўзбекистонда илк марта тажриба тариқасида ўтказилаётган акцияга «Меҳр» деб ном берилган.

«Лойиҳадан кўзланган асосий мақсад – ҳайдовчи ва йўловчиларнинг йўлларда ҳаракатланиш маданиятини янада юксалтириш, йўл қоидаларига амал қилиш масъулиятини кучайтириш ва бу орқали йўлларда содир бўладиган мудҳиш ҳолатларга барҳам беришдан иборат», – дейилади ИИБ хабарида.

Таъкидланишича, бугун эрта тонгдан Фарғона вилояти ИИБда ташкил этилган тадбир олди йўриқномада йўл ҳаракати инспекторларига «Меҳр» лойиҳасини самарали ўтказиш бўйича раҳбарият томонидан тегишли топшириқлар берилган.

Фото: Фарғона вилояти ИИБ Ахборот хизмати

«Ҳафта давомида йўлларда қоидабузарликлар ўрганилиши билан бирга таълим муассасалари, маҳаллалар ва жамоат жойларида фуқаролар билан учрашувлар ташкил этилиб, ҳаракат иштирокчиларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш бўйича профилактик суҳбатлар олиб борилади», – дея қўшимча қилинган расмий билдиришда.

Фото: Фарғона вилояти ИИБ Ахборот хизмати
Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид