Ўзбекистон | 14:05 / 14.02.2020
4050
2 дақиқада ўқилади

Содиқ Сафоев Олий Мажлис аъзоларини Германия парламентаризмини ўрганишга чақирди

Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев 13 февраль куни ташқи сиёсат масалалари юзасидан журналистларга берган интервьюсида хорижий тажрибани ўрганишнинг муҳимлиги ҳақида гапириб ўтди.

«Халқаро тажрибани ўрганиш биз учун жуда муҳим. Ўзбекистон парламентаризми, айтиш мумкинки, муайян равишда энди шаклланиб келяпти ва бу борада бизда катта режалар бор. Масалан, бир гуруҳ ёш депутатларимиз, сенаторларимизнинг ҳинд парламентаризмини ўрганиш мақсадида Ҳиндистонга сафари устида ишлаяпмиз.

Кўпгина ғарбий давлатлар, шу жумладан, Германия биз учун ниҳоятда қизиқ. Нима учун? Чунки у ерда ижтимоий бозор иқтисодиёти ривожланади, яъни либерал англо-саксон бозор иқтисодиёти эмас, ўз вақтида Германияда ривож топган ижтимоий, яъни биринчи навбатда ижтимоий фаол сиёсатга қаратилган иқтисодиёт. Бизнинг парламентарийларимизга уларнинг тажрибасини ҳам ўрганиш муҳим бўларди», деган Сафоевнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Сенаторнинг қўшимча қилишича, бу борада бир нечта мамлакат билан мулоқот олиб бориляпти.

Маълум бўлишича, 18 февраль куни Тошкентда замонавий жамиятда парламентнинг ролини ошириш масалаларига бағишланган халқаро конференция бўлиб ўтади. Унда Германия, Россия, Буюк Британия ва бошқа кўплаб мамлакатлар экспертлари иштирок этиши режалаштирилган.

Мавзуга оид