Жаҳон | 22:09 / 15.02.2020
8017
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Huawei ўрнини босадиган бошқа компания изламоқда

АҚШ маъмурияти Хитойнинг Huawei компаниясини ҳарбийлар ва разведка билан ҳамкорликда айблаб келади. Бундан ташқари, АҚШ қатор давлатларни 5G технологиясига ўтишда Huawei қурилмаларидан фойдаланмасликка чақирмоқда.

Фото: AP

АҚШ Хитойнинг Huawei компанияси ўрнига 5G телекоммуникация тармоқларини ривожлантириш бўйича муқобил технологияларни таклиф эта оладиган хорижий компаниялар тажрибасини ўрганмоқда. Бу ҳақда Мюнхендаги хавфсизлик бўйича конференцияда АҚШ мудофаа вазири Марк Эспер маълум қилди.

"Муқобилликни шакллантириш керак, чунки биз шунчаки Huawei’дан воз кечишга чақира олмаймиз. Ҳозирда АҚШ ҳукуматида бу масала муҳокама қилинмоқда. Биз синаб кўриш ва мос келганини танлаб олиш учун тегишли технологияларни таклиф этаётган компаниялар билан алоқада бўлиб турибмиз", - деди Эспер.

Унинг сўзларига кўра, АҚШ 5G алоқасини ривожлантириш бўйича муқобил технологияларни изламоқда.

Huawei корпорацияси 1987 йилда ташкил этилган. У телекоммуникация қурилмалари, истеъмол буюмлари, смартфонлар ишлаб чиқаради. Компания маҳсулотлари 170дан ортиқ мамлакатда сотилади. 

Аввалроқ АҚШ давлат котиби Майк Помпео Мюнхендаги хавфсизлик бўйича конференцияда чиқиши чоғида Хитой технологик компаниялари ХХР разведкаси учун “троя оти” эканлигини айтганди. Бундан ташқари, Помпео Хитой компартияси Ғарбга таҳдид солишини қайд этганди.

АҚШ маъмурияти Хитойнинг Huawei компаниясини ҳарбийлар ва разведка билан ҳамкорликда айблаб келади. Бундан ташқари, АҚШ қатор давлатларни 5G технологиясига ўтишда Huawei қурилмаларидан фойдаланмасликка чақирмоқда.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид