2026 йил 28 феврал куни АҚШ ва Исроил Эронга ракета ва авиация зарбалари бера бошлади. Форс давлати бунга жавобан Исроилга ҳамда АҚШнинг Араб кўрфази атрофида жойлашган давлатлардаги ҳарбий базаларини нишонга олди. Хўш, АҚШнинг хорижий давлатларда нечта ҳарбий базаси бор? Араб кўрфази давлатларида уларнинг сони нечта?

Бугун АҚШ дунёнинг энг қудратли давлати сифатида кўплаб мамлакатларда ҳарбий базаларга эга. Уларнинг айримлари қуруқликда авиабаза, бошқалари ҳарбий-денгиз базаси сифатида фаолият юритади.

Бу базаларнинг асосий қисми Япония, Германия, Жанубий Корея ва Яқин Шарқ ҳамда Араб кўрфази давлатларида жойлашган.

АҚШнинг Яқин Шарқ ва Араб кўрфазидаги давлатларда жойлашган базалари бир томондан Эронни ўраб туради ва улар Форс давлатига жуда яқин жойлашган.

Бугун АҚШ ана шу базалардан ҳам фойдаланган ҳолда Эронга авиация ва ракета зарбалари бермоқда. Эрон ҳам қараб турмаяпти ва АҚШ ҳарбий базалари ҳамда Араб кўрфази атрофидаги давлатларнинг инфратузилма объектларини нишонга олмоқда.

Ҳозир АҚШнинг хориждаги, жумладан, Араб кўрфази давлатларида жойлашган ва Эроннинг нишонига айланаётган ҳарбий базалари ҳақида гаплашамиз.

reddit.com

АҚШнинг хориждаги ҳарбий базалари тарихи

Қўшма Штатларнинг хориждаги биринчи ҳарбий базаси АҚШ ва Испания ўртасида 19-аср охирида бўлиб ўтган урушдан сўнг, 1903 йилда Кубада очилган. Ўша урушда кейин Куба мустақилликка эришганди.

Гуантанамо деб номланган бу ҳарбий база жойлашган ерни америкаликлар Кубадан муддатсиз даврга ижарага олади. Шу сабабли Қўшма Штатлар ундан ҳанузгача фойдаланиб келмоқда.

Қўшма Штатлар кейинги ҳарбий базаларни Филиппин, Ҳавай ороллари, Пуэрто-Рико ва Панамада очади. Иккинчи жаҳон уруши арафасида Австралияда ҳам ҳарбий базалар ташкил этилади.

Иккинчи жаҳон уруши бошлангач АҚШ аввалига Тинч океани минтақасида, сўнг Британияда, немислар енгилгач Германия, Италия ва бошқа Европа давлатларида кўплаб ҳарбий базалар очади.

Иккинчи жаҳон урушидан сўнг дунёнинг турли ҳудудларини назоратга олиш бўйича СССР билан рақобат бошлангач, Қўшма Штатлар Япония, Жанубий Корея каби мамлакатларда ҳарбий базалар ташкил этади.