Жамият | 11:49 / 15.02.2020
50388
2 дақиқада ўқилади

Қўқонда уч кишининг ўқотар қуролдан яралангани бўйича иш юзасидан 55 киши қўлга олинди

Ҳолат юзасидан прокуратура томонидан жиноят иши қўзғатилиб, 30 нафар шахсга нисбатан "қамоққа олиш" тарзидаги эҳтиёт чораси танланди, яна бир тадбир давомида ишга алоқадор бўлиши мумкин бўлган 25 нафар шахсга "маъмурий қамоқ" қўлланилди

Фото: Фарғона вилояти ИИБ

Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида ўқотар қурол қўллаган ҳолда жиноят содир этилгани хабар берилганди.

2020 йил 5 февралдан 6 февралга ўтар кечаси соат тахминан 00:50ларда Қўқон шаҳар тиббиёт бирлашмасидан ИИБга шошилинч хабар келиб тушган. Унга кўра 25 ёшли М.Б., 28 ёшли Қ.А., ҳамда 31 ёшли Ж.Ш. танасининг турли соҳаларида сочма ўқдан келиб чиққан тан жароҳатлари билан мурожаат қилганликлари аниқланган.

Шу куни соат 00:10ларда М.Б., К.А., ва Ж.Ш. Қўқон шаҳрида жойлашган «Шедевр» чойхонасига келганларида шу ерда бўлган 27 ёшли А.У. ва унинг шериклари билан ўзаро жанжаллашганликлари оқибатида А.У.нинг ёнида бўлган таниши 27 ёшли З.М. тегишли тартибда рўйхатдан ўтмаган «ИЖ-18» русумли қирқма милтиғи билан Б.М, А.Қ ва Ш.Ж.га қарата икки маротаба ўқ узиб, тан жароҳати етказиб, ҳодиса жойидан яширинган.

Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон республикаси Жиноят кодексининг 25,97-моддаси 2-қисмининг тегишли бандлари (Қасддан одам ўлдиришга суиқасд) ва 277-моддаси (Безорилик) билан прокуратура томонидан жиноят иши қўзғатилиб, 30 нафар шахсга нисбатан "қамоққа олиш" тарзидаги эҳтиёт чораси танланган.

Жиноят иши бўйича олиб борилаётган дастлабки тергов ҳаракатлари ва олинган тезкор маълумотларга кўра, Ички ишлар бошқармаси, Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда прокуратура органлари ходимлари томонидан ҳамкорликда 14 февраль куни Қўқон шаҳрида шартли ном остида ўтказилган “Тонг” тадбири давомида ишга алоқадор бўлиши мумкин бўлган 25 нафар шахс аниқланди.

Фарғона вилояти ИИБ ахборот хизмати хабарида айтилишича, бу шахсларга нисбатан "маъмурий қамоқ" қўлланилган ва уларни ушбу ҳамда бошқа жиноятларга алоқадорлиги текширилмоқда.

Мавзуга оид