Туризм | 08:32
286
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Бухоро ва Қўқондаги тарихий саройларни реставрация қилади

Ўзбекистон Бухородаги Ситораи Моҳи Хоса ва Қўқондаги Худоёрхон саройида халқаро стандартлар асосида реставрация ишларини амалга оширишни режалаштирмоқда. Лойиҳалар ЮНЕСКО ва ICOMOS билан ҳамкорликда олиб борилиши мумкин.

Париж шаҳрида Ўзбекистоннинг ЮНЕСКОдаги доимий вакили Камол Мухторов ICOMOS бош директори Селин Ногес-Вебер билан учрашув ўтказди. Мулоқотда маданий мерос объектларини асраш ва реставрация қилиш соҳасидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.

Учрашувда Ўзбекистон томони Бухородаги Ситораи Моҳи Хоса саройи ҳамда Қўқондаги Худоёрхон саройида реставрация лойиҳаларини амалга ошириш режалари ҳақида маълумот берди. Қайд этилишича, ишлар халқаро стандартларга мувофиқ тарзда ва ЮНЕСКО ҳамда ICOMOS билан яқин ҳамкорликда бажарилади.

ICOMOS вакиллари мазкур ташаббусни қўллаб-қувватлаб, лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ҳамкорлик қилишга тайёр эканини билдирди.

Шунингдек, музокараларда Ўзбекистондаги ЮНЕСКО Бутунжаҳон мероси объектларини муҳофаза қилиш, Бухоро тарихий марказининг комплекс бош режасини ишлаб чиқиш ҳамда Самарқанд, Хива ва Шаҳрисабз шаҳарлари бўйича янги режалар тайёрлаш масалалари ҳам кўриб чиқилди.

Томонлар музокаралар якунида Ўзбекистон ва ICOMOS ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича меморандум ишлаб чиқиш ва имзолашга келишиб олди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид