20:38 / 16.02.2020
0
7485

Алимент ундиришга борган МИБ ходимлари оилаларни яраштирмоқда

Конституциямизда ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбур эканлиги аниқ қилиб белгилаб қўйилган. Лекин бу мажбуриятни ҳар доим ҳам ота-оналар (кўпроқ оталар) ҳис этмасдан, фарзандлар таъминотидан қочиб юришади

Фото : KUN.UZ

Бунинг оқибати ўлароқ, Мажбурий ижро бюроси ҳудудий органларига алимент масаласида ижро ҳужжатлари келиб тушади, шикоятлар ёзилади.

Алимент ундирилиши муқаррар эканлиги тушунтирилгач ёки бу борада мажбурий ижро ҳаракатлари амалга оширила бошлагач, ажрашган оилалар орасида ярашишга қарор қилганлари ҳам чиқиб қолмоқда.

МИБнинг Самарқанд шаҳар бўлими ходимлари ҳам хихмат юзасидан бу ҳолатга кўп дуч келишади. Бўлим вакилининг Kun.uz мухбирига маълум қилишича, ижро ҳаракатлари давомида ота-оналарга уларнинг мажбуриятлари тушунтирилади. Алиментдан қочишнинг ҳуқуқий оқибатлари батафсил маълум қилингач, собиқ эр-хотинлар аслида арзимас сабаб билан ажрашганини маълум қилиб, оилани тиклашмоқда. Ёки муттасил алимент тўланиб келган оилаларда ҳам ярашув ҳолатлари кўпаймоқда.

Бошқача айтганда, ижро муқаррарлиги оилаларнинг ярашувидек эзгу ишга сабаб бўлмоқда. Ана шу тарзда жорий йилнинг шу кунига қадар ярашган бундай оилалар сони биргина Самарқандда 46 тага етган.

Биргина мисол: фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг 2018 йил 12 февралдаги суд буйруғига асосан фуқаро С.Т. турмуш ўртоғи У.Р. фойдасига вояга етмаган бир нафар фарзанди моддий таъминоти учун алимент тўлаши лозим бўлиб, С.Т. оиласи билан бирга истиқомат қилмасдан, алоҳида яшаб, 2 йил давомида алимент тўлаб келган.

МИБнинг Самарқанд шаҳар бўлими ходимлари саъй-ҳаракатлари билан мазкур оила яраштирилди.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top