Ўзбекистон | 23:30 / 16.02.2020
75871
13 дақиқада ўқилади

«АҚШда кўрсатма бажарилмаса, отиб ташлаш ҳуқуқи берилган. Бизда ундай эмас-ку!» – Алишер Қодиров Олтинсой воқеаси ҳақида

«Миллий тикланиш» партиясининг парламент қуйи палатасидаги фракцияси раиси Алишер Қодировнинг Сурхондарё вилояти Олтинсой туманида рўй берган низога муносабати ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлди.

Партия етакчисининг фикрича, 14 февраль куни рўй берган ҳолат «бир гуруҳ фуқаролар томонидан амалга оширилган қўпол қонун бузилиши, жамоат тартибига путур етказиш ҳаракатлари қонунларимизга ҳам, қадриятларимизга ҳам зид бўлган жиноят сифатида баҳоланиши керак».

У «сўнгги йилларда мамлакатда инсон манфаатлари устуворлиги, ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, турмуш шароитларини ўзгартириш мақсадида олиб борилаётган кенг қамровли ишлар» ҳақида гапириб, қонун устувор бўлган давлатлардагина халққа самарали хизмат қилиш мумкинлигини айтган.

«Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан ушбу жиноят очиқ тергов қилиниши ва айбдорларга кескин жазо белгиланиши керак», – дея талаб қилган Алишер Қодиров.

Шундан сўнг депутат Facebook’даги ушбу пости остига қолдирилган эътирозли мулоҳазаларга муносабат билдирган.

– Эссиз ишонч!..
– Афсус қилманг. Тузатиб бўлмас хато эмас. Зудлик билан тузатинг...

– Аввало сабабларни, вазиятни ўрганиб чиқиш шарт! «Давлат хизматчисини ўз ваколатини амалга оширишга тўсқинлик қилиш» деган моддани тиркаб қўймасдан.
– Уйингизга кимдир товуқхона қуриб олса, кимга мурожаат қиласиз? ИИВ! У сизнинг ҳуқуқингизни тиклаш учун уйингизга келса-ю, бояги товуқхона эгаси кетмон билан саваласа... Халқнинг уйи бузилмаяпти! Фермернинг ҳуқуқи тикланяпти.

– Товуқхона қуришга рухсат берган фермер-чи? У нима қилиб ўтирганди товуқхона қурилаётган пайт? Ўшанга чора кўриш керак.
– Тўғри, фикрингизга тўлиқ қўшиламан.

– Бу уйлар бир кунда қурилиб қолмаган. Нега ўша туман ҳокимлиги масъуллари жим қараб туришган қонун бузилишига? Иккинчидан, халқни совуқ қиш кунларида уриб қақшатиб, ўша жойдан ҳайдаш қанчалик тўғри? Учинчидан, ўша ерлик аҳоли ноқонуний уй қурибди ҳам дейлик. Ҳокимият вакиллари ва ИИБ ходимлари келиб зўравонлик қилишларини сиз ёқлаб чиққанингиз тушунарсиз, ўртоқ депутат.

– Биринчидан, ҳеч ким уйни бузишга бормаган. Тушунтиришга борган. Иккинчидан, жиноят ва ҳуқуқбузарликнинг иккита иштирокчиси бўлади. Бир томони – ўша ердаги раҳбарлар, эьтирозим йўқ, улар жавоб беради. Иккинчи томони ким? Қўшимчасига, жамоат тартибини бузганлик учун ким айбдор?

Мен ҳали уй бузилиши ва ҳолатнинг келиб чиқишига сабаб бўлганлар ҳақида гапирганим йўқ! У алоҳида мавзу! Мен жамоат тартибини бузганлар, давлат хизматчисини калтаклаган бебошликларга муносабат билдирдим. Ҳеч кимнинг ҳақман деб кимнидир, айниқса вазифасини бажараётган ходимни калтаклашга ҳуқуқи йўқ. Бу жазосиз қолса, эртага ҳамма масаласини куч билан ҳал қиладими? Мен шунга қаршиман!

– Ҳурматли депутат Алишер Қодиров! Сиз шамол қай тарафга эсса, ўша томонга қайриладиганлардансиз. Узр, хафа бўлманг. Ҳақиқатан ҳам шунақасиз.
– Хафа бўлмадим. Бу ҳам бир фикр-да... Аксини кўп эшитганим учун эътибор бермай қўяқоламан.

– Ўша уйларнинг ҳаммаси кеча осмондан тушмагандир... Нега ўз вақтида айтилмаган?
– Адолат қонунга амал қилиш орқали амалга ошади. Қонун адолатсиз бўлса, ўзгартирилади, ташаббус қилинади. Ур-йиқит билан адолат изланмайди. Бу масалада яқинда қонун ўзгаради.

– Шахсан сизни ёмон кўраман, партияни эмас.
– Партияни яхши кўришингиз етади. Ҳамма бир-бирини яхши кўриши мумкин эмас. Вазиятга келсак, сотган ҳам, олган ҳам қонунга зид иш қилган. Жавоб бериши керак. Мелисани урганлар ҳам жавоб бериши керак. Ҳақлик калтаклашга ҳуқуқ дегани эмас!

– Айб бечора камбағал халқда эмас, кўпроқ айб қорнига ўт тушгур мансабдорларда. Ҳокимият, кадастр ташкилотлари ўзлари халқни шу аҳволга олиб келишган. Уларга пул берсангиз бўлди, хоҳлаган жойдан ҳужжат қилиб беришади. Буни кўрган авом халқ бошқа нима қиларди?.. Нима учун ерни фақат ҳокимлар пуллаши керак?
– Ер муносабатлари оғир дардга айланди. Ечимлари бўйича қонунчилик ўзгартириляпти. Нима бўлганда ҳам, хизмат вазифасини бажараётган ходимларга куч ишлатиш жиноят. Бу воқеанинг ортидан албатта айбдорлар аниқланади. Ваколатини сотган ҳам, интизомни бузган ҳам жавобини олиши керак. Аксинча, биз талашаётган ернинг ўзи бўлмайди. Еримиздан фойдаланиш учун қаерлардандир, кимлардандир бориб рухсат олиб келишга тўғри келади.

– «Халқ сайлаган депутат», айтингчи, қани қонун устуворлиги?
– Амалдаги қонун бўйича ерни эгаллаб олиш ва мелисани уриш мумкинмас. Қонунга зид эгалик бўлиши мумкинмас. Зўравонлик жазоланади. Одамлар қийналмасин деб ноқонуний қурилишларга бир муддат амнистия ҳам эълон қилинди! Нима қилиб ўзгартирайлик? Таклиф борми?

– Эй депутат! Қонун фақат бир томонлама ишлаши керакми? Сани ҳам биров келиб, Россияда итдек ишлаб қурган уйингни битта қарор билан бузиб ташласа, кейин кўрамиз! Тошкентда кабинетда ўтирволиб, фейсбукда ёзмасдан, бор-чи олдиларига, нима гап, нима сўз, нима муаммо деб! Ҳамманг ўтирволиб фикр билдирасанлар холос. Санларни шунга сайлаганмизми?
– Итдек ишлаб топган пулни итга ташлаш керакми? Нега ўзиники бўлмаган жойга уй қуриш керак? Итдек ишлаб топган пулни қадрига кўпроқ етиш керак эмасми? Қонун устувор бўлсагина ўзгариш бўлади, бўлмаса талашиб юраверамиз. Ерларимизга акалар эгалик қилади. Мен кабинетда ўтирволганим йўқ! Билмаган гапни оғизни тўлдириб гапирмаслик керак. Фейсбукда нима ёзишни менга ўргатиш керакмас. Яхшироқ тушунаман деб ўйлайман.

– Қонуний дегани адолатли дегани эмас. Буни ҳам мендан яхши билсангиз, хурсанд бўлардим!
– Адолат қонунга амал қилиш орқали амалга ошади. Қонун адолатсиз бўлса ўзгартирилади, ташаббус қилинади. Ур-йиқит билан адолат изланмайди. Бу масалада яқинда қонун ўзгаради.

– Алишер Қодиров, сизга ишончим бошқача эди шу кунгача. Афсус, асл қиёфангиз очилиб қолибди. Қонунни рўкач қилиб, яна оддий қора халқни жазолашга чақиряпсиз. Агар заррача адолатга интилишингиз бўлганида, ўша туман масъулларини жиноий жавобгарликка тортишга чақирган бўлардингиз. Шу инсонларга кимдир порасини олиб, сохта рухсатнома қилиб берган-ку. Ўзбекистонда ҳеч ким ўзбошимчалик билан уй қура олмайди. Буни ҳамма билади, тепада ўтирганларнинг ҳурматини қозониш мақсадида бутун бир миллатнинг лаънатига учраб қолманг.

– Меҳрибонлигингиз учун раҳмат. Мен «қора халқни» жазолашга чақирмадим. Умуман бунақа сўз луғатимда йўқ. Жамоат тартибини бузганлар жазоланиши шарт. Эртага сизни ҳам кимдир тартибга чақирганингиз учун калтакласа, «қора халқ-да, жабрдийда, кечирамиз», дейсизми?

Суяги синиб ётган мелиса ҳам кимнингдир ўғли-ку, у сотмаган-ку ерни? Умуман, гуруҳ тушунтириш ишларини олиб бориш учун борган-ку! Ҳамма шундай қилаверса, нима бўлади? Давлат ўзининг порахўр валломатларини рўйхат қилиб, чора кўради. Лекин ҳамма ўз масаласини куч билан ҳал қилишни бошласа, нима бўлади?

– Воқеа жойига дарҳол депутатлик комиссияси чиқиб, масалага журналист ва блоггерларни жалб қилган ҳолда ойдинлик киритиш ва бошқа бундай ҳолатлар рискини йўқ қилиш керак.
– Кейинги ҳафтада ишчи гуруҳи вилоятга чиқади.

– Қонуний текшириб, адолатли қарор чиқариш керак деб ёзилади. Гап бошидаёқ халқни айбдорга чиқармай. Сиздан бошқа гап ҳам кутмаймизку. Барибир.
– Халқни айбдорга чиқармадим. ИИВ ходимларини калтаклаган бир гуруҳ фуқаролар – хоҳласангиз ҳам, хоҳламасангиз ҳам айбдор. Ёки ундай эмасми?

– Қонунни яхши билмайдиган халқнинг олдига бориб, уйингни бузамиз деб айтгандан кейин бундай ҳолат юзага келиши табиий ҳолат эмасми? Амалдаги ва янги қабул қилинаётган қонунлар билан аҳоли қандай таништирилмоқда?
– Қонунни билмаслик жавобгарликдан озод қилмайди. Одамларнинг ҳуқуқий саводхонлиги 19-асрда қолиб кетган. Бу энг оғриқли нуқталаримиздан.

– Мен давлат ходимини урган одамларни оқламоқчи эмасман. Қонун олдида ҳамма тенг. Лекин қонун ҳимоячилари қонунни ўзларидан камроқ тушунувчи халқнинг олдига борганда халқ билан ҳар томонлама юксак маданият билан муомалада бўлишлари керак. Оддий халқ олдида ўзини осмон тутувчи мансабдорларимиз ҳам бор, айнан шу давлат хизматчилари борган ерларида одамларнинг норозилиги ортиб кетишига сабаб бўлишмоқда. Ҳамма гап тўғри тушунтириш ишлари олиб борилмаганида.
– Билмайсиз-ку, нима бўлганини. Ҳозир мансабдорми, ИИВ ходимларими – одамлардан калтак еса ҳам ҳеч нарса қилолмаяпти. АҚШда кўрсатма бажарилмаса, отиб ташлаш ҳуқуқи берилган. Бизда ундай эмас-ку! Давлат хизматчилари ҳам душманлар эмас! Улар ҳам ўзимизникилар.

– Сааал халқ тарафда бўлсез яхши бўларди, халқ тарафидан иккинчи уринишда сайланган ўртоқ депутат. Вазиятга оқилона ва одилона ҳуқуқий баҳо бермасдан, шу қисқа муддатда қаёқдан билақолдингиз бечора деҳқонларнинг қўпол қонунбузарлик қилганини?
– Сааал эмас, тамоман ҳалқ тарафидамиз ўртоқ! Билақолганимиз учун гапирақолдик. ИИВ ходимини калтаклаган бир неча фуқаро халқ эмас, ҳуқуқбузарлар. Ўша калтакланган ходимлар ҳам халққа хизмат қилиш учун, қонун устуворлигини таьминлаш учун борган ўша жойга. Улар ҳам халқ! Ер масаласидаги муаммолар ўрганиб чиқилди, қонунчиликка ўзгаришлар ҳам киритиляпти.

– Ким сайлади ўзи шу турқи совуқни?
– Сиз аниқ сайламагансиз. 83 минг сайлаган одамни беҳурмат қилиш керакмас. Меҳмонга чақираман, танишиб олайлик. Турқим жуда сиз тасаввур қилганчалик совуқ бўлмаса керак.

– Халқнинг ҳуқуқини депутат ҳимоя қилиш депутатларнинг иши эмасми? Нега вазиятга бир томонлама баҳо беряпсиз, бориб гаплашдингизми ўзи?
– Мелисани уриб, муаммолар камайдими энди? Халқ манфаатлари учун ишлаш вазифамиз, ҳуқуқбузарларни ҳимоя қилиш адвокатлар ваколатига киради. Ноқонуний қурилишларни расмийлаштириш учун амнистия эълон қилинди, тушунтириш олиб борилди, энди нима қилиш керак?

– Ходимни калтаклаш тўғри эмас, лекин калтакланган фақат ходим ҳам эмас. Юзи қонга беланган оддий фуқароларам бор. Ҳақ одам билганини қилиши нотўғри. 
– Нима бўлганда ҳам ходимни калтаклаш тўғри эмас. Агар шу билан муаммо ҳал бўлганида тушуниш мумкин эди. Қолаверса, нимага халқ? Бу ерда 5 ҳуқуқбузар одам ҳақида гап боряпти. Ҳақ одам билганини қилавериши керакми?

– Алишер ака! Сизга умид катта ёшлар томонидан...
– Ишончингиз мен учун қадрли. Халқ номидан тўртта бебошни давлатга тош отишига «тўхта» демасак, эртага нима бўлади? Ҳуқуқий маданиятни ўзгартирамиз. Ноқонуний қурилиш – амнистия, зўравонлик – кўз юм, товламачига ўз қўли билан пул берган – давлат ҳисобидан қайтариб бер, ноқонуний ер ўзлаштириб ол – ҳоким айбдор... Биз қачон халқ бўламиз ўзи! Қачон давлат бўламиз бу кетишда!

– Демак, тушунишимча, фақат фуқаролар айб қилади, орган ходимлари айб қилса ҳам, ҳаққини талаб қилган айбдор, тўғри тушундимми, жаноб?
– Орган ходимидан ҳуқуқини урмасдан талаб қилиш керак, жаноб. Уриб талаб қилсангиз, ҳуқуқбузар бўлиб қоласиз, муаммо биттага кўпаяди.

– Сиздан яна нима кутиш мумкин? Халқни айблаш осон. Ҳақиқий депутатлар сайланмагунча шу аҳвол.
– Халқни айблаш ҳеч кимнинг қўлидан келмайди. Халқ айблайди. Қози ҳам, амалдор ҳам халқ номидан иш қилади. Давлат хизматчисига куч ишлатиш мумкинмас. Халқ шундай қонунни маъқуллаган.

Мен сизни умидвор қилмаганман, мендан ҳеч нарса кутманг. Сиз мени сайламагансиз, бундан кейин ҳам сайламайсиз... Сайламасангиз ҳам майли. Фикрингиздан жуда ҳам таъсирланганим йўқ.

– Унда нега депутатсиз? Йиғиштиринг карамшўрванингизни. Таъсирланиш учун минимум ғурур бўлиши керак. Демак, сиз сайланмагансиз, тайинлангансиз.
– Менга овоз берган сайловчилар бу фикрда эмас. Сиз улардан эмассиз. Карамшўрвангизни овоз берган депутатингиз билан муҳокама қилинг. Хоҳласангиз, Олий Мажлисга келинг, учраштириб қўяман. Ғурур масаласида маслаҳат бериш учун ҳали ёшроқсиз деб ўйлайман, бироз улғайишингиз керак.

– Булар сайланиб олгунча-да. Кўрдингизми, 90 градусга ўзгарганини…
– Мен ўзгарганим йўқ. Ўзгармайман ҳам. Хавотир олманг, ваъдалар бажарилади.

Мавзуга оид