Жаҳон | 23:38 / 17.02.2020
10370
2 дақиқада ўқилади

Илон Маск компанияси орбитага навбатдаги 60 та сунъий йўлдошни чиқарди

Илон Маскнинг SpaceX компанияси орбитага навбатдаги 60 та сунъий йўлдошни чиқариб, дунёдаги энг йирик сунъий йўлдош операторига айланди. Энди компания 300 та сунъий йўлдошдан иборат орбитал гуруҳга эга.

Видеодан кадр

Сунъий йўлдошлар орбитага 17 февралда Falcon 9 ракетаси ёрдамида Starlink глобал интернет тармоғини шакллантириш учун чиқарилган. 

Ракета АҚШ шарқий соҳили бўйича соат 10:05да NASA’нинг Канаверал бурнидаги космодромидан учирилган.

Айни вақтда компаниянинг орбитадаги сунъий йўлдошлари сони 300 тага етди. Қурилмалар Ер атрофидаги орбитага чиқарилган.    

Starlink сунъий йўлдошлари биринчи маротаба 212 кмдан 386 кмгача баландликдаги эллиптик орбитага чиқарилади. Улар компания муҳандислари томонидан ишлаётганликка текширилгач, ўзининг ион двигателлари ёрдамида 550 км баландликдаги орбитага кўтарилади. Қайд этиш жоиз, Starlink’нинг аввалги сунъий йўлдошлари доиравий орбитага чиқарилган. 

Бу Starlink лойиҳаси доирасида интернет-сунъий йўлдошлар гуруҳининг орбитага бешинчи чиқарилишидир. Илк 60 та сунъий йўлдош 2019 йил май охирида, иккинчиси ноябрда, учинчи ва тўртинчиси 2020 йил январида орбитага чиқарилган.

Компания сайёрамиз аҳолисининг исталган нуқтадан интернетга кенг полосали киришини таъминловчи катта кўламли тармоқни яратиш учун 12 мингта сунъий йўлдошдан иборат орбитал гуруҳни ёймоқчи. Ушбу лойиҳани амалга ошириш учун инвестицияларнинг умумий қиймати 10 млрд долларга баҳоланмоқда. 

Мавзуга оид