Жаҳон | 12:30 / 17.02.2020
8990
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистонда хорижликларни фақат маҳаллий мутахассислар бўлмаган тақдирда ишга олишга рухсат берилади

Фото: ТАСС

Қозоғистон меҳнат бозорида маълум бир лавозимлар учун қозоғистонлик мутахассислар бўлса, хорижлик ишчиларга квота беришни тақиқлаб қўйиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Tengrinews хабар берди.

Мамлакат меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазири Биржан Нуримбетовнинг хабар беришича, 2019 йилда ҳокимликлар хорижий ишчи кучини жалб қилиш бўйича берилган 48,7 минг квотага 25,5 мингта рухсатнома тақдим этган, уларнинг 80 фоизи - компаниялар раҳбарлари, шунингдек, таркибий бўлинмалар менежерлари ва малакали мутахассислар учун берилган. Иш берувчилар 8,2 миллиард тенге миқдорида солиқ йиғими тўлаган.

Вазирнинг аниқлик киритишича, компаниялар кадрлар таркибида қозоғистонлик фуқаролар таъминоти бўйича талабга риоя этмоқда, уларнинг улуши 96 фоизни ташкил этди. 2020 йилда хорижлик ишчиларни жалб қилиш квотаси 2019 йилга нисбатан 40 фоизга қисқартирилди ва 29,3 мингни ташкил қилди.

«Миграция жараёнларини тартибга солиш бўйича қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. У парламентга тақдим этилди. Яшаш учун рухсатнома ва Қозоғистон фуқаролигини олиш бўйича битта ариза билан мурожаат қилиш ҳуқуқини тақдим этиш кўзда тутилган. Шунингдек, иш берувчиларга чет эллик малакали ишчиларни қозоғистонлик кадрлар билан алмаштириш мажбуриятини юклаш таклиф қилинмоқда. Рухсатномалар фақат ички меҳнат бозорида керакли мутахассислар бўлмаган тақдирда берилиши керак», - деди Нуримбетов идора йиғилишида.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид