Қишнинг қоқ чилласида Андижон вилоятининг Булоқбоши туманидан ўтган йўл бўйидаги қишлоқларда ажойиб гўзалликларга гувоҳ бўлиш мумкин.
Уяли алоқа оператори антеннасида ёки йўл бўйидаги симёғочларда кўплаб лайлаклар инлари бор.



Лайлак асли иссиқсевар қуш ва ҳаво ҳарорати совиши билан иссиқ ўлкаларга учиб кетади. Бироқ сўнгги йилларда улар Ўзбекистонда қолишни маъқул кўрмоқда.
Мутахассисларнинг сўзларига кўра, қадимдан Европа лайлаклари қишда Африкага, Марказий Осиёдаги қушлар эса Ҳиндистоннинг ғарбий қисмига учиб кетишни одат қилишган.
«Фарғона водийсида айрим жуфтлар совуқ фаслда ҳам қолаётганига гувоҳмиз. Аслида лайлаклар иссиқ фаслда келиб, тухум қўйиб, бола очиб сўнг сентябрь-октябрь ойларида учиб кетарди», дейди Андижон давлат университети ўқитувчиси, доцент Анваржон Умматов.
Маҳаллий аҳоли вакилларидан бирининг айтишича, лайлаклар сўнгги беш йил давомида миграция қилмай қўйишган.
«Беш йилдан бери лайлаклар кетмай қўйишди. Эрталаб кун исиши билан озуқа излаб учиб кетишади. Тушга яқин келиб, тумшуқларини тақилатиб, дам олишади. Ўзимизнинг қадрдон лайлаклар. Қишлоқ аҳли уларнинг ҳаракатларини завқланиб кузатамиз», дейди шу ерлик отахон.

Наманган вилояти Уйчи тумани Тўқай қишлоғи йўл четидаги қатор электр симёғочларида ҳам лайлак уяларини кўриш мумкин.
«Уч йилдан бери уч жуфти ҳар йили қолади. Тухум қўйиб очган пайтда йўл четига йўловчилар тўпланиб, боласига учишни ўргатаётганини томоша қилишади», дейди Тўқай қишлоғилик Акрамжон Мусаханов.




















