II Тошкент халқаро марафонининг соврин жамғармаси эълон қилинди
Марафоннинг умумий мукофот жамғармаси 350 млн. сўмни ташкил этади. Катта марафон мусобақаси ғолиби 30 миллион сўм, ярим марафон мусобақаси ғолиби эса 12 миллион сўм миқдорида пул мукофоти билан тақдирланади.
22 март куни Наврўз умумхалқ байрамига бағишлаб II Тошкент халқаро марафони бўлиб ўтади. Бугун, 20 февраль куни Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигида ўтган матбуот анжуманида бу ҳақда батафсил маълумот берилди.
Анжуманда Жисмоний тарбия ва спорт вазири ўринбосари Элбек Шукуров, Миллий олимпия қўмитаси Бош котиби Ойбек Касимов, Енгил атлетика федерацияси раиси Андрей Абдувалиев, федерация бош котиби Камолиддин Рўзимуҳаммедов, II Тошкент халқаро марафони бош координатори Борис Жгир, халқаро эксперт Алексей Кондрат ҳамда таниқли спортчилар, матбуот ва ОАВ ходимлари иштирок этишди.
Анжуман аввалида Жисмоний тарбия ва спорт вазири ўринбосари Элбек Шукуров бу йилги тадбир ҳақида қисқача маълумот берди.
«Ўтган йили пойтахтимизда илк маротаба Тошкент халқаро ярим марафони юқори савияда ташкил этилганди. Бу йил эса мусобақа нуфузи ва кўлами янада кенгайиб, энди тўлиқ марафон ўтказилмоқда.
Жорий йилги марафон тўртта масофада ташкил этилади. Яъни, узунлиги 42 км 195 м бўлган марафон, узунлиги 21 км 97,5 м бўлган ярим марафон ҳамда 3 км ва 1,5 км масофаларга югуриш мусобақалари. Марафон дистанцияси эса World Athletics, яъни Жаҳон енгил атлетикасининг жамоавий аъзоси бўлган AIMC – Халқаро узоқ масофа ва марафонлар ассоциацияси томонидан сертификацияланган.
Ҳар қандай спорт турининг асоси – югуриш. Шу маънода мазкур марафон пойгаларининг ўтказилиши шаҳримиз аҳолиси ва меҳмонлари орасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш ва югуришни оммавийлаштиришга, қолаверса спорт туризмини ривожлантириш ҳамда Ўзбекистоннинг энг кучли марафончиларини аниқлашга хизмат қилади», деди Элбек Ҳабибуллаевич.
Шунингдек, матбуот анжуманида II Тошкент халқаро марафонининг умумий мукофот жамғармаси 350 млн. сўмни ташкил этиши, катта марафон мусобақаси ғолиби 30 миллион сўм, ярим марафон мусобақасида 1-ўринни эгаллаган спортчи эса 12 миллион сўм миқдорида пул мукофоти билан тақдирланиши айтиб ўтилди.
Умуман, ҳар икки масофада дастлабки 8та ўринни қўлга киритган спортчилар учун мукофот белгиланган.
Қолаверса, 3 км масофага шахсий ва жамоавий ҳамда 1,5 км масофага ўтказиладиган пойгаларда ўз гуруҳларида совринли ўринни қўлга киритган спортчилар ҳам пул мукофоти билан тақдирланади.
Таъкидланишича, II Тошкент халқаро марафони Халқаро енгил атлетика федерацияси томонидан марафон йўналиши бўйича Токио-2020 олимпиадасига рейтинг очколари тақдим этадиган мусобақалар қаторига киритилган. Бу эса иштирокчиларнинг мусобақаларга бўлган қизиқишни яна ҳам оширади.
Анжуманда журналистларни Хитойда кенг тарқалган коронавирус эпидемияси мусобақага қай даражада таъсир ўтказиши мумкинлиги ҳам қизиқтирди.
«Коронавирус муаммоси бутун дунёга таҳдид солаётгани бор гап. Бироқ бу билан катта спорт тўхтаб қолгани йўқ, халқаро мусобақалар давом этмоқда.
Тадбирни ўтказиш учун ҳукумат томонидан тегишли қарорлар қабул қилинган. Марафон мусобақасини ўтказиш учун Соғлиқни сақлаш вазирлигига ҳам тегишли топшириқлар берилган. Ўзбекистонда хавфнинг олдини олиш учун энг замонавий эҳтиёт чоралари кўрилади», – деб жавоб берди Жисмоний тарбия ва спорт вазири ўринбосари Элбек Шукуров.
Анжуманда иштирок этган II Тошкент халқаро марафони бош координатори Борис Жгир мусобақа ўтадиган Тошкент трассалари халқаро талабларга тўлиқ жавоб бериши, ўз навбатида марафон пайтида ғолибни аниқлаш учун транспондер тизимидан фойдаланилиши ҳақида айтиб ўтди. Бу эса мусобақанинг шаффофлигини таъминлашга хизмат қилади.
Тошкент халқаро марафони ўтган йили ҳам ўтказилган ва унда дунёнинг 30га яқин давлатидан вакиллар иштирок этган эди. Бу сафар мусобақа географияси анча кенгайиб, 50дан ортиқ давлатдан иштирокчи келиши кутиляпти.
Мусобақанинг старт-финиш чизиғи Афросиёб ва Бешёғоч кўчаларининг кесишувида, «Ҳумо Арена» муз саройи олдида жойлашган.
Марафон ва ярим марафон масофаларида вақт чеклови белгиланган бўлиб, спортчилар ушбу вақт давомида масофани якунлашлари шарт. Қолаверса, марафон, ярим марафон ҳамда 3 км ва 1,5 км масофага югуриш баҳсларида маррага етиб келган иштирокчиларининг ҳар бирига махсус медал топширилади.
Шунингдек, тадбир ташкилотчилари ва ҳомийлар тарафидан мусобақа ғолиблари ва иштирокчиларга қўшимча совғалар ҳам кўзда тутилган.
Матбуот анжуманида журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олишди.
Марафонга доир қўшимча маълумотлар, яъни иштирок қиймати, онлайн рўйхатдан ўтиш ва тадбир юзасидан бошқа маълумотларни www.uzmarathon.uz сайтидан олишингиз мумкин.
Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги
Матбуот хизмати.
Мавзуга оид
17:10 / 26.10.2024
Инсон матонати – 61 ёшида супермарафонда ғолиб чиққан австралиялик чўпон
10:50 / 14.10.2024
Кениялик спортчи марафонда янги жаҳон рекордини ўрнатди
22:50 / 08.10.2024
Сиёсий маҳбусларни қўллаб-қувватлашга қаратилган марафон уч ойда 378 минг евро тўплади
23:49 / 10.08.2024