Ўзбекистон | 21:35 / 21.02.2020
18882
2 дақиқада ўқилади

Сурхондарё вилояти ҳокимининг янги ўринбосари тайинланди

21 февраль куни вилоят ҳокими Тўра Боболов раислигида бўлиб ўтган фаоллар йиғилишида Сурхондарё вилояти ҳокимининг ўринбосари — вилоят маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи ва бошлиқ ўринбосарлари тайинланди.

Вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабарига кўра, Абдисалом Пардаевич Хўжақулов Сурхондарё вилояти ҳокимининг ўринбосари — маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи этиб тайинланди.

Фото: Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

А.Хўжақулов 2019 йилдан бугунги кунгача Сурхондарё вилояти Бандлик бош бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келган.

Мавлуда Умаржоновна Қобулова вилоят Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғининг хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш бўйича биринчи ўринбосари лавозимига тайинланди.

У 2018 йилдан буён Сурхондарё вилояти ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси лавозимида ишлаган.

Фото: Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Фахриддин Валиевич Менглиев бошқарма бошлиғининг хавфсиз маҳалла фаолиятини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш бўйича ўринбосари этиб тайинланди.

Менглиев 2019 йилдан буён Музработ тумани ички ишлар бўлими бошлиғи вазифасини бажарувчиси лавозимида ишлаб келган.

Фото: Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Орзиқул Чоршанбиевич Соатов бошқарма бошлиғининг кексалар ва фахрийларни қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий фаоллигини ошириш бўйича ўринбосари этиб тайинланди.

Соатов 2018 йилдан буён бугунги кунгача Сурхондарё вилояти фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича кенгаш раисининг кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича ўринбосари лавозимида ишлаган.

Фото: Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Эслатиб ўтамиз, президентнинг 2020 йил 18 февралдаги фармони асосида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ташкил этилди.

Вазирликнинг жойлардаги бошқармаларига юклатилган асосий вазифа ва фаолият йўналишларидан бири – жамиятда «Обод ва хавфсиз маҳалла» тамойилининг тўлақонли ва самарали жорий этилишида ҳар томонлама кўмаклашиш, оилалар ва маҳаллалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштиришда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан яқин ҳамкорлигини ўрнатишдан иборатдир.

Мавзуга оид