Жаҳон | 21:30 / 22.02.2020
10856
2 дақиқада ўқилади

Сурия мамлакат ҳаво сарҳадини бузган барча самолётларни уриб тушириш билан таҳдид қилди

Суриялик ҳарбийларга душман объектларини ҳар қандай усул билан йўқ қилиш топшириғи берилган.

Фото: AP

Сурия ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари мамлакат ҳаво сарҳадини бузган ҳар қандай самолётни уриб туширади. Бу ҳақда Сурия қуролли кучлар қўмондонлигига таяниб РИА Новости хабар берди.

Қайд этилишича, хориж ҳаво воситалари душман нишони сифатида баҳоланади ва «йўқ қилингунига қадар» таъқиб қилинади.

SANA агентлигининг хабар беришича, суриялик ҳарбийларга душман объектларини ҳар қандай усул билан йўқ қилиш топшириғи берилган.

Аввалроқ Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Суриянинг Идлиб вилоятида юз бераётган тўқнашувлар учун “уруш” сўзини қўллаш мумкинлигини айтганди.  

20 февралда Туркия томонидан қўллаб-қувватланувчи жангарилар Туркия қуролли кучлари артиллерияси кўмагида Сурия армиясининг Кминас ва Найраб аҳоли пунктларидаги мудофаасини ёриб ўтган.   

Бунга жавобан Россиянинг Су-24 самолётлари жангариларга зарба берган. Бу Сурия армиясига барча ҳужумларни қайтаришга имкон берган. Россия томони Анқарани террорчиларни қўллаб-қувватламасликка чақирган. 

Туркия мудофаа вазирлигининг маълум қилишича, Идлибда ҳаво ҳужуми вақтида 2 нафар турк ҳарбийси ҳалок бўлган, яна 5 нафари яраланган.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид