Жаҳон | 15:30 / 25.02.2020
5317
2 дақиқада ўқилади

АҚШ ва Ҳиндистон мудофаа соҳасида 3 млрд доллардан ортиқ қийматдаги шартнома имзолади

АҚШ президенти Дональд Трампнинг сўзларига кўра, Ҳиндистон AH-64E Apache ҳамда MH-60R Seahawk вертолётларини сотиб олади.

Фото: REUTERS/Al Drago

АҚШ ва Ҳиндистон мудофаа соҳасида 3 млрд доллардан ортиқ қийматдаги шартнома имзолади. Бу ҳақда АҚШ президенти Дональд Трамп Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди билан музокаралар якунида маълум қилди.

"Биз ҳарбий ҳамкорлигимизни кенгайтирмоқдамиз. 3 млрд доллардан ортиқ қийматда шартнома имзоладик. Ҳиндистон AH-64E Apache ҳамда MH-60R Seahawk вертолётларини сотиб олади", - деди Ҳиндистонда ташриф билан бўлиб турган АҚШ президенти.

Трамп АҚШ Ҳиндистон билан савдо келишувига эришиш эҳтимолига ишонч билан қарашини айтди.

"Бош вазир билан музокараларимнинг яна бир муҳим мавзуси ҳалолликка асосланган икки томонлама иқтисодий муносабатларни ривожлантиришдир. Мен ҳар икки давлат учун муҳим бўлган келишувга эришиш имкониятига некбинлик билан қарайман", - деди АҚШ раҳбари.

Трампнинг қайд этишича, у давлат раҳбари лавозимини эгаллаганидан буён АҚШнинг Ҳиндистонга энергетика соҳасидаги экспорти 500 фоизга, савдо айланмаси эса 60 фоизга ўсган.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид