Жаҳон | 10:10
1103
3 дақиқада ўқилади

Линдси Грэмнинг ўрнини унинг синглиси эгаллади

АҚШнинг марҳум сенатори Линдси Грэмнинг ўрнини унинг синглиси Дарлин Грэм Нордон эгаллади. Жанубий Каролина губернатори Ҳенри Макмастер уни Сенатга тайинлади. Бу қарор президент Доналд Трампнинг тавсиясидан сўнг қабул қилингани айтилмоқда.

Фото: REUTERS

Fox News телеканали хабар беришича, Жанубий Каролина губернатори Ҳенри Макмастер Линдси Грэмнинг синглиси Дарлин Грэм Нордонни АҚШ Сенати аъзоси этиб тайинлади. У марҳум сенаторнинг ваколатларини вақтинча давом эттиради.

«Линдсининг ишини унинг кенжа синглиси Дарлин давом эттиришини сўраш мен учун катта шараф», — деди губернатор Макмастер.

Президент Донал д Трамп ҳам мазкур қарорни қўллаб-қувватлаб, Truth Social ижтимоий тармоғида Дарлин Грэм Нордоннинг тайинланиши акаси хотирасига муносиб эҳтиром бўлишини таъкидлади.

Тайинлов Линдси Грэмнинг тўсатдан вафот этганидан икки кун ўтиб амалга оширилди. Республикачилар партияси Сенатдаги нозик кўпчиликни сақлаб қолиш мақсадида ушбу масала бўйича тезкор қарор қабул қилди.

2027 йил январгача сенатор бўлиб ишлайди

Fox News Digital маълумотига кўра, сенаторлик ўрнига бошқа номзодлар, жумладан Жанубий Каролина вице-губернатори Пэм Эветт, Конгресснинг собиқ аъзоси Трей Гоуди ва собиқ сенатор Жим Деминт ҳам кўриб чиқилган.

Бироқ якунда Дарлин Грэм Нордон танланди. У камида 2027 йил 3 январгача сенатор вазифасини бажаради. Шу йил ноябр ойида бўлиб ўтадиган сайловларда эса сайловчилар мазкур ўринга кейинги олти йиллик муддат учун янги сенаторни танлайди.

Линдси Грэм Киевга ташрифидан сўнг вафот этганди

71 ёшли Линдси Грэм 11 июл куни аортанинг қатламланиши оқибатида тўсатдан вафот этди.

Вафотидан бир кун аввал у Киевга ташриф буюриб, Украина президенти Володимир Зеленский билан учрашган, шунингдек, SkyFall мудофаа компаниясининг дронлар ишлаб чиқариш заводига борган эди. Учрашувларда Россия ва унинг иттифоқчиларига қарши санкцияларни кучайтириш ҳамда Украинага ёрдам масалалари муҳокама қилинган.

Линдси Грэм Россия сиёсатини кескин танқид қилиб келган ва Украинанинг энг фаол қўллаб-қувватловчиларидан бири сифатида танилган.

Трамп: «У ҳақиқий америкалик ватанпарвар эди»

Доналд Трамп марҳум сенатор хотирасига бағишланган баёнотида уни «ўзи билган энг буюк сенаторлардан бири» деб атади.

«У доимо мамлакат манфаати учун меҳнат қилди ва ҳақиқий америкалик ватанпарвар эди. Линдсини жуда соғинамиз», — деб ёзди Трамп.

Линдси Грэм сиёсий фаолияти давомида Жанубий Каролинадан Конгресс Вакиллар палатасига, кейин эса Сенатга сайланган. Фаолиятининг дастлабки йилларида у Доналд Трампни танқид қилган бўлса, кейинчалик унинг энг яқин сиёсий иттифоқчиларидан бирига айланган. Миллий хавфсизлик ва мудофаа масалаларида қатъий позицияси билан танилган Грэм АҚШ ташқи сиёсатининг фаол тарафдорларидан бири ҳисобланган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид