Ўзбекистон | 13:09 / 27.02.2020
5476
2 дақиқада ўқилади

Давлат тест марказининг янгиликлар сайтидан 200 млн сўм ундириш бўйича даъвоси рад этилди

2019 йилнинг декабрида Давлат тест маркази шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсини ҳимоя қилиш ҳамда 200 млн сўм миқдорида маънавий зарар ундириш мақсадида «Газета.uz» ва унинг муаллифи Комил Жалиловни судга берганди.

Фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро судида, судья Шукруллаева раислигида кўриб чиқилган иш 27 февраль ўз ниҳоясига етди. 

Очиқ суд мажлисида бевосита иштирок этган Kun.uz вакилининг хабар беришича, суднинг ҳал қилув қарори билан Давлат тест марказининг «Афиша – Медиа» масъулияти чекланган жамияти («Газета.uz» сайти муассиси)дан  шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсини ҳимоя қилиш ҳамда 200 млн сўм миқдорида маънавий зарар ундириш тўғрисидаги даъво талаблари қаноатлантиришдан рад этилган. 

Тарафларга ҳал қилув қарорини олган кундан бошлаб 20 кун муддат ичида шу суд орқали фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар судига апелляция тартибида шикоят киритиш мумкинлиги тушунтирилди. 

Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди ҳам «Газета.uz» интернет нашрининг манфаатларини кўзлаб судда иштирок этган.

Эслатиб ўтамиз, Фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро судида Давлат тест марказининг «Газета.uz» сайти ва унинг мухбири К.Жалиловга мақола юзасидан раддия эълон қилиш ва расмий равишда узр сўраш мажбуриятни юклаш, шунингдек солидар тартибда 200 миллион сўм миқдорида маънавий зарарни ундириш ҳақидаги талаблари юзасидан фуқаролик иши кўриб чиқилаётгани хабар қилинганди. 

Дилшод Абдуқодиров
Тайёрлаган Дилшод Абдуқодиров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид