Ўзбекистон | 11:06 / 27.02.2020
21163
2 дақиқада ўқилади

ССВ: Сеул-Тошкент рейсининг коронавирус юқтиргани гумон қилинган йўловчисида вирус аниқланмади

Жанубий Кореядан Ўзбекистонга келган рейс йўловчиларида коронавирус аниқланмади, лекин улар икки ҳафта давомида тиббий кузатув остида бўлишади.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Бугун, 27 февраль куни, Сеулдан келган HY514 рейси йўловчилари Тошкент аэропорти халқаро терминали ҳудудида текширувдан ўтказилди.

«Жорий йил 26 февраль куни «Uzbekistan Airways» авиакомпаниясига тегишли НY 514-рейс билан Сеул – Тошкент йўналишида Тошкент вақти билан соат 19:02да пойтахтимизга учган самолёт бортида 1996 йилда туғилган, Қирғизистон Республикаси фуқароси Б.Т.нинг саломатлиги ёмонлашгани, унда инсульт аломатлари аниқлангани сабабли самолёт 20:55да Сеул аэропортига қайтарилган. Сеул аэропортида бемор ва унинг фарзанди ҳамда бир нафар фуқаро тушириб қолдирилиб, Б.Т.дан коронавирус инфекциясига лаборатор таҳлиллар олинган.

Шундан сўнг, самолёт Тошкент вақти билан соат 22:59да Сеулдан пойтахтимизга 232 нафар йўловчи ва экипажнинг 12 нафар аъзоси билан жами 244 нафар фуқаро учган ва жорий йил 27 февраль куни, маҳаллий вақт билан соат 05:58да Тошкент халқаро аэропортига келиб қўнган.

Короновируснинг Ўзбекистонда тарқалишининг олдини олиш мақсадида Сеулдан келган йўловчилар Тошкент аэропорти халқаро терминалининг алоҳида залида вақтинча санитария изоляциясига жойлаштирилиб, Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан бир қатор зарур профилактик тадбирлар ўтказилган. 

Маълум бўлишича, Сеул шаҳрида қолган Қирғизистон Республикаси фуқароси Б.Т.дан коронавирус инфекциясига олинган лаборатория таҳлил натижаларига кўра, унда коронавирус аломатлари аниқланмаган», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида.

Вазирлик расмийсининг Kun.uz’га маълум қилишича, эндиликда Тошкент аэропортида изоляцияга жойлаштирилганларга назорат текширувидан кейин жавоб берилади, лекин улар икки ҳафта давомида ўзи яшовчи ҳудудда тиббий кузатув остида бўлишади - уларга чекловчи тартиб жорий этилади. 

Бундан олдинроқ Жанубий Кореядан Тошкентга учиб келган самолёт йўловчилари изоляция қилингани ҳақида хабар берилганди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид